Ғалла ўримига техникалар тайёрми?

360

Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг маълумотларига кўра, республикамизда 2025 йилнинг ҳосили учун қишлоқ хўжалиги техникалари тўлиқ таъмирланиб, мавсумга тайёр ҳолатга келтирилди.

Хусусан, 157 та ғалла ўриш комбайни 100 фоиз таъмирланиб, мавсумга шай қилинди. Бошқа техникалардан 510 та юк автомобили, 1422 та трактор тиркамаси, 158 та кўчма устахона, 108 та ёқилғи ташиш транспорти мавсумга тайёрланди.

Жойларда қишлоқ хўжалиги техникаларининг мавсумга тайёрлиги кўздан кечирилиб, тегишли вазифалар белгиланмоқда.

Кегейли туманида юқори ҳосилли ғалла ўриш комбайнларининг ғалла ўрим-йиғим ишларига тайёргарлиги ўрганилиб, унда Агроинспекциянинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бўлим бошлиғи А.Айтжанов, тумандаги масъул раҳбарлар ва мутахассислар, отрядларга бириктирилган ходимлар, шунингдек, 6 та ғалла ўриш комбайнларининг операторлари иштирок этди.

Маълумот учун, ушбу туманда 2025 йил ҳосили учун 3970 гектар майдонга ғалла экилган. Ушбу майдонларда етиштирилган ғаллани йиғиб-териб олиш мақсадида 6 та отряд ташкил этилиб, ушбу отрядлар таркибига тумандаги мутасадди ташкилотлар ходимлари жалб этилди. Отрядларга 6 та ғалла ўриш комбайни, зарур ғалла ташиш машиналари бириктирилди.

Ғалла ўриш комбайни операторларига мавсумни уюшқоқлик ва беталафот ўтказиш бўйича топшириқлар берилди ҳамда ҳар бир операторга озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.

Шуманай туманида ҳам етиштирилган буғдой ҳосилини тўлиқ ва сифатли йиғиб олиш мақсадида комбайнларнинг техник ҳолатини кўздан кечиришга қаратилган кўргазмали семинар ташкил этилди.

Семинарда туман ҳокими А.Аметов, Республикадан бириктирилган ишчи гуруҳ аъзолари, туман қишлоқ хўжалиги соҳаси вакиллари ва механизаторлар иштирок этди.

Семинар давомида соҳа мутахассислари томонидан ғалла ҳосилини қисқа муддатларда йиғиштириб олиш бўйича тавсиялар берилди. Комбайнларнинг техник ҳолати, уларнинг ишлаш механизмлари ва хавфсизлик қоидаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ғалла ўрим-йиғимида иштирок этадиган барча комбайнларнинг техник ҳолати тўлиқ текширилиши ва зарур таъмирлаш ишлари ўз вақтида амалга оширилиши режалаштирилган.






Бу тадбирлар туманларда етиштирилган буғдой ҳосилини йўқотишларсиз ва қисқа муддатларда йиғиб олишни таъминлашга хизмат қилади.

А.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги