Болалар байрами кўтаринки кайфиятта ўтди

Куни кеча юртимизда 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни кенг нишонланиб, жойларда болалар учун турли байрам тадбирлари ташкил этилди.
ЎзЛиДеП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан хам 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан «Соғлом бола – юрт келажаги» шиори остида саломатлик тадбирлари ташкил этилди.
Бўзатов тумани спорт мактабида ташкил этилган болалар саломатлигига бағишланган тадбирда 2010-2016 йилларда туғилган 40 нафардан ортиқ спортчи болажонлар спортнинг «Бадминтон» тури бўйича ўзаро куч синашиб, ғолиблик учун қизғин беллашувлар олиб борди. Унда ЎзЛиДеП Бўзатов туман Кенгаши аппарат раҳбари Бегдияр Қутлимуратов иштирок этиб, ёш спортчиларни байрам билан табриклаб, доимий жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишнинг саломатликка фойдаси ва аҳамияти ҳақида айтиб ўтди.
– Маълумки, компьютер технологиялари асрида, афсуски, болалар ўртасида очиқ майдонларда жисмоний ҳаракат талаб этадиган ўйинларнинг аҳамияти пасайиб кетди. Натижада, бу уларнинг жисмоний ва психологик ҳолатига маълум маънода салбий таъсир кўрсатмоқда. Шунинг учун ҳам болаларни спорт тури ва ўйинларга кўпроқ вақт сарфлашга ундаш лозим. Енгил машқлар ҳатто чақалоқлар учун ҳам фойдали ҳисобланади, – дейди ЎзЛиДеП Бўзатов туман Кенгаши аппарат раҳбари Бегдияр Қутлимуратов.
Қизғин беллашувларга бой бўлган мусобақа якуни бўйича ғолиблар ташкилотчилар томонидан тайёрланган диплом, медаль ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.


Болалар ҳаётимиз давомчилари, боримиз борлиғимиз. Уларни асраб-авайлаш, ҳар томонлама баркамол қилиб вояга етказиш ҳар бир оила, ҳар бир ота-онанинг муқаддас бурчидир. Болажонларнинг иқтидорини намоён этиш ва муносиб рағбатлантириш мақсадида ташкил этилган танлов болажонлар учун чинакам байрамга айланди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги