Ҳал этилиши лозим бўлган долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Гулжан Халмуратова Шуманай туманида қатор учрашувлар ўтказиб, дастлаб у Кетенлар овул фуқаролар йиғинидаги маҳалла аҳолиси билан учрашди.
Унда туман ҳокими А.Аметов, Қонунчилик палатаси депутати Руслан Джумамуратов, мутасадди ташкилотлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Мулоқотларда фуқароларга қонунчиликдаги янгиликлар, парламентда инсонпарварлик тамойиллари асосида фуқаролар манфаатларидан келиб чиқиб қабул қилинаётган қонунларнинг мазмун-моҳияти тушунтирилди. Бундан ташқари, маҳаллада ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва «ижтимоий профилактика» тизимини тўғри ташкил этиш, тўй-ҳашам ва маросимларда ортиқча исрофгарчиликка йўл қўймаслик ҳамда қабул қилинган қонунлар, Қонунчилик палатасида муҳокамада турган қонун лойиҳалари бўйича тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилди.
Шунингдек, аҳолининг муаммолари ҳам ўрганилиб, таклифлар олинди. Сўнг халқ вакили тумандаги ижтимоий соҳа объектларидан бири бўлган Мамий овул фуқаролар йиғинидаги 3-сонли умумтаълим мактабига ташриф буюрди. Мулоқот давомида сўнгги йилларда таълим соҳасида амалга оширилаётган ишлар, фарзандларимизнинг илмли, билимли, комил инсонлар бўлиб етишишида мактабда ўқувчилар учун яратилган шароитлар бўйича мактаб маъмурияти билан суҳбатлашиб, уларнинг фикр-мулоҳазалари тингланди.
Учрашувлар давомида Қонунчилик палатаси депутати Гулжан Халмуратова маҳаллий Кенгаш депутатлари билан ҳам учрашиб, доимий комиссиялар томонидан олиб борилаётган ишлар билан танишиб, ишни янада жонлантириш бўйича вазифалар белгиланди.
Халқ вакилининг учрашуви Хўжайли туманида ҳам давом этди. Дастлаб у Жайхун шаҳарча фуқаролар йиғинида бўлиб, маҳалла еттилиги билан учрашди. Ушбу маҳалладаги хонадонлар аҳолиси билан суҳбатлашиб, уларнинг томорқасидан самарали фойдаланиш, томорқа даромад манбаи эканини биладиган ҳар бир хонадон эгасининг тажрибалари, маҳалла аҳолисининг ерларни суғоришдаги ишлари ва дуч келаётган муаммолари, ҳудудни ободонлаштириш ишлари ва ички йўлларнинг таъмирталаб ҳолати ўрганилди.
Учрашув ушбу тумандаги ижтимоий соҳа объектларидан бири 48-сонли оилавий поликлиникада ҳам бўлди. Халқ вакили тиббиёт соҳаси вакиллари билан мулоқот жараёнида сўнгги йилларда тиббиёт соҳасига қаратилаётган эътибор, амалга оширилаётган ишлар, парламентдаги янгиликлар, қабул қилинаётган янги қонунларнинг мазмун-моҳияти юзасидан ҳам батафсил маълумотлар бериб ўтди.
Бундан ташқари, мазкур оилавий поликлиникада аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш ишлари, беморлар учун яратилган шароитлар ва муаммолар ўрганилиб, фикр-мулоҳазалар тингланди.
Депутат Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли туманидаги 17-сонли кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотида ҳам бўлиб, у ерда тарбияланаётган болалар учун яратилган шароитлар билан танишди.

Ушбу муассасада олиб борилаётган ишлар ўрганилиб, логопед, дефектолог, шифокор ва тарбияланувчилар билан суҳбатлашиб, уларнинг иш самарадорлигини ошириш бўйича керак бўладиган методик қўлланмалар, махсус ускуналар ва техник базани мустаҳкамлаш учун тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда амалий ечимлар кўришга келишиб олинди.
Учрашувлар давомида кўтарилган муаммолар назоратга олиниб, уларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинди.
А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги