Ғолиб ёшлар учун мазмунли саёҳат

275

Ўзбекистон маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси бирлашган қўмитаси раиси Ж.Аяпов бошчилигида Тахтакўпир туманидаги Қоратеран кўлига саёҳат ташкил этилди.

Туризмни, айниқса, ички туризмни ривожлантириш бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан бири бўлиб, мамлакатимизда ушбу соҳани ривожлантириш, бу борада тегишли инфратузилмани жаҳон стандартлари даражасида яратиш ва туристлар оқимини ошириш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Тахтакўпир туманидаги Қоратеран кўли ҳам республикамиздаги дам олувчилар учун қадимдан келаётган энг кўп одам борадиган жойларнинг бири эди.

Сўнгги йилларда ушбу кўл атрофида амалга оширилган, хусусан, инфратузилмани яхшилаш, сайёҳлар учун қулайликлар яратиш бўйича амалга оширилган ишлар бу ерга нафақат республикамиздан, балки бошқа вилоятлардан ҳам сайёҳлар ташрифини оширмоқда.

Президентимиз ташаббуси билан Қоратеран кўли бўйида янгидан барпо этилган, ҳеч қаерда ўхшаши йўқ миллий колоритдаги «Қоратеран» этнотуристик мажмуасининг қурилиши халқимизнинг миллий меросига, тарихига бўлган ҳукуматимизнинг алоҳида эътиборидан далолат беради.

Саёҳатда маданият, спорт ва туризм соҳаси раҳбарлари, шу кунгача республика миқёсида касаба уюшмалари томонидан ташкил этилган мусобақаларда ғолиб бўлган ёшлар иштирок этди.






Улар Қоратеран кўли, этноқишлоқ ҳақида маълумотлар олиб, қатор турган қора уйларни томоша қилиб, тоғга кўтарилиб саёҳат қилиб, суратларга тушиб, биргаликда қушиқ куйлаб кўнгилли дам олишди.

– Мен касаба уюшмалари томонидан Қоратеран кўлига уюштирилган саёҳатга келганимдан хурсандман. Саёҳат жуда яхши, мазмунли ўтди. Илгари ҳам бу ерга келган эдим. Бу ернинг табиати жуда гўзал, ҳавоси яхши. Қора уйлар ҳам чиройли қилиб тикилган экан, гап йўқ. Овқатлари ҳам ширин. Ушбу саёҳатни ташкил этган касаба уюшмаларига миннатдорчилик билдираман, – дейди Нукус олимпия ва паралимпия спорт коллежининг пара енгил атлетика тури бўйича мураббий ўқитувчиси Азиза Жолдасбаева.

Сайёҳлар учун катта қора уйга дастурхон ёзилиб, улар стол атрофида суҳбатлашиб, фикр алмашди.

А.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги