Яна икки ёшга мултикултиватор топширилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 23 сентябрдаги «Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш борасидаги чора-тадбирларни янги босқичга олиб чиқиш тўғрисида»ги фармони ҳамда «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастурини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастури қабул қилиниб, унда республика даражасидаги давлат муассасалари раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарларини энг оғир аҳволдаги маҳаллаларга бириктириш белгиланган эди.
Шунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги директори И.Эргашевга Хўжайли туманидаги тўртта маҳалла бириктирилиб, бугунги кунга қадар аҳолининг иш билан таъминланиши, ёшларнинг инновацион ва рақамли технологияларга асосланган таълим олиши ва касб-ҳунар ўрганиши, барча қатламларнинг тиббий ва жамоат хизматларидан фойдаланиши учун шароит яратиш ҳамда аҳолининг томорқаларидан самарали фойдаланишига кўмаклашиш йўналишида ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, аҳолига 100 минг туп мевали кўчат, 1100 донадан бел, кетмон, челак каби меҳнат қуроллари, 4 дона инкубатор, шунингдек, ҳудудларда экин ерлари сифатини янада яхшилаш мақсадида 13 дона мотокултиватор бепул тарқатилди. Бундан ташқари, маҳаллаларда иссиқхона хўжалигини ривожлантириш йўналишида ҳар бир маҳаллада 100 тадан иссиқхона қуриш режалаштирилган бўлиб, қурилиш ишлари якунланган иссиқхоналардан ҳудуд аҳолиси унумли фойдаланмоқда.
Ана шу эзгу ишларнинг давоми сифатида, шунингдек, маҳаллада ёшлар билан ишлаш масалаларини мувофиқлаштириш бўйича республика комиссиясининг 2025 йил 17 мартдаги «Алоҳида ҳамкорлик талаб этиладиган ёшларни вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларига бириктириш орқали қўллаб-қувватлаш чоралари тўғрисида»ги мажлис баёни ижросини таъминлаш мақсадида Қумжиқин ва Амударё ОФЙ ҳудудидаги икки нафар ёшга агентлик номидан мотокултиваторлар топширилди.
– Бугун экин еримда фойдаланишим учун менга агентлик раҳбарлари томонидан мултикултиватор топширилди. Бу нарса далаларда иш қилишим учун жуда фойдали деб ҳисоблайман,-дейди Амударё ОФЙ турғуни Сапарбай Норбоев. – Раҳбарларимизнинг бизга бераётган шундай ёрдамлари, қўл кўмаги туфайли ишларимиз енгиллашмоқда. Бундан ғоят миннатдормиз.
Бу борадаги чора-тадбирлар жойларда давом этмоқда.
А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги