Ёш полвонларимизнинг Осиё ва жаҳон чемпионатидаги улкан ютуғи

28-31 май кунлари Нукус шаҳридаги 1-сонли спорт мактабида спортнинг Белбоғли кураш туридан Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун ўсмирлар ўртасида жаҳон ва Осиё чемпионати бўлиб ўтди.
Мусобақанинг дастлабки куни жаҳон чемпионати бўйича беллашувлар ўтказилиб, бу ҳақида аввалги хабарларимизда батафсил маълумот берган эдик.
Ўтказилган Осиё чемпионатида ўғил болалар 10, қизлар 7 вазн тоифаси бўйича беллашиб, унда қорақалпоғистонлик ёш полвонлар ҳам яхши натижаларни қўлга киритди.

Хусусан, ўғил болалар ўртасида 45 кг вазнда беллашувларда иштирок этган Исабек Бийсенбаев барча рақибларини енгиб чиқиб, Осиё чемпиони бўлган бўлса, 50 кг да Жасурбек Муратбаев кумуш, шу вазнда беллашувларга тушган Боғдавлат Дўнесов, 55 кг да Эрлан Қаллибек, 77 кг да Мусо Жумамуратов, 85 кг да Айдос Эржанов ва +95 кг да Хожиакбар Раимбаевлар бронза медалини қўлга киритди.
Қизлар ўртасида эса, икки полвонимиз Осиё чемпионлигига сазовор бўлди. Хусусан, 52 кг вазнда Гулнур Аманбаева ва 63 кг да Анелия Турдибавалар барча рақибларини енгиб чиқиб, спорт мухлисларини қувонтирди.

Шунингдек, ушбу мусобақада 44 кг вазнда иштирок этган полвонимиз Балзира Караматдинова кумуш, 57 кг да Жанат Боранбай, +70 кг да Оройлим Шараповалар бронза медалини қўлга киритди.
-Жиззахдаги белбоғли кураш бўйича бўлиб ўтган Осиё ва жаҳон чемпионатида 5 спортчи қатнашиб, шундан 2 полвонимиз Осиё чемпионлигини, 3 спортчимиз жаҳон чемпионатининг бронза медалини қўлга киритган эди,-дейди Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси Қорақалпоғистон бўлими ижрочи директори Бокенбай Садвақасов.-Ва, бугунги ўтказилган жаҳон чемпионатида эса, 3 спортчи қатнашиб, шундан 44 кг вазнда Тумарис Қалабаева ва -70 кг да Ойсулув Қидирбаевалар жаҳон чемпиони унвонига сазовор бўлди. Осиё чемпионатига эса, республикамиздан 21 спортчи қатнашиб, шундан 3 спортчимиз олтин, 2 полвонимиз кумуш ва 9 спортчи бронза медалларини қўлга киритди. Жамоа аъзоларининг бундай катта ютуқларга эришишида ўзим билан бирга, Қайрат, Асилбек ва Қайнарбек Сариев, Шуҳрат Сарсенбаев, Иляс Сейтмуратов ва Эсет Садвақасовлар ўзларининг салмоқли ҳиссаларини қўшди. Бундан бизлар жуда хурсандмиз. Фурсатдан фойдаланиб, шундай нуфузли мусобақани республикамизда ўтказгани учун ҳурматли Президентимизга ва республикамиз раҳбариятига катта раҳмат айтаман.
Ўтказилган мусобақа давомида ўз вазн тоифаси бўйича ғолиблар қаторидан жой олган спортчиларга медаль ва қимматбаҳо совғалар топширилди.

Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси