Узлуксиз касбий ривожланишни ташкил этиш чоралари такомиллаштирилмоқда

Қарор ва ижро
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 20 декабрдаги «Мактабгача ва мактаб таълими ходимларининг узлуксиз касбий ривожланиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори билан «Мактабгача ва мактаб таълими ходимларининг узлуксиз касбий ривожланишини ташкил этиш тартиби тўғрисида»ги янги низом тасдиқланган эди.
Низомда мактабгача ва мактаб таълими ходимларини узлуксиз касбий ривожлантириш тизимини ташкил этиш, улардаги касбий маҳорат ва малака даражасининг мунтазам ўсиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, замонавий талабларга мувофиқ қайта тайёрлаш ва мунтазам равишда педагогик маҳоратини ошириб боришнинг самарали механизмларини жорий этиш асосида ходимларни юқори даражадаги узлуксиз касбий ривожлантиришни таъминлашга йўналтирилган вазифалар белгиланган.
Шунингдек, педагог ходимларнинг 5 йилда бир марта мажбурий малака ошириш курсларидан ўтиши, бунда узлуксиз касбий ривожлантириш (малака ошириш) курсининг ҳажми педагог мутахассис ходимлар учун 100 соат этиб белгиланган.
Шу билан бирга Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг 2024 йил 7 августдаги «Умумий ўрта таълим муассасалари ўқитувчилари учун «Касбий ривожланиш куни» ва «Касбий ривожланиш соати» тадбирларини босқичма-босқич жорий этиш тўғрисида»ги буйруғига асосан йил давомида узлуксиз касбий ривожланиш тадбирлари ҳам ташкил этилади. Педагоглар ўз малакасини нафақат 5 йилда, балки йил давомида ҳам узлуксиз касбий ривожлантириш тадбирлари доирасида ошириб боради. Умумтаълим муассасалари ўқитувчиларининг узлуксиз касбий ривожланиш тадбирлари малака ошириш курслари оралиғида ҳар йили ташкил этиладиган «Касбий ривожланиш куни» ва «Касбий ривожланиш соати» тадбирларидан иборат бўлади. «Касбий ривожланиш куни» ва «Касбий ривожланиш соати» тадбирлари ўқув йили давомида ҳафтанинг белгиланган кунларида, шунингдек, ўқувчиларнинг дам олиш кунларида ўтказилади.
Ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан малака ошириш курслари режаси тасдиқланади.
Жорий йилда Қорақалпоғистон Республикасидаги мактабларда фаолият юритаётган жами 9369 нафар педагог, шундан олий ва биринчи тоифали 2085 нафар, иккинчи тоифали ва мутахассис 7284 нафар ўқитувчининг малака ошириши белгиланган.
Қорақалпоғистон Республикаси Педагогик маҳорат марказида ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишлар, хусусан марказ фаолияти, узлуксиз касбий ривожлантириш курсларининг ташкил этилиши, профессор-ўқитувчилар томонидан дарс жараёнида қўлланилаётган замонавий инновацион технологиялар, тингловчиларга яратилган шароитлар билан оммавий ахборот воситалари вакилларини таништириш мақсадида медиа-тур ташкил этилди.
Медиа-турда оммавий ахборот воситалари вакиллари дастлаб Академик фаолиятни мувофиқлаштириш бўлими фаолияти, фанга оид компетенцияларни шакллантиришда замонавий ўқув жараёнини ташкил этиш усуллари «4K» ва «5E» моделлари, STEM ёндашув усуллари билан танишди.
«Тилларни ўқитиш методикаси» кафедраси доценти Б.Туримбетов XXI аср кўникма ва малакаларини ривожлантириш, ўқитишда «4K» ва «5E» моделлари, STEM ёндашув, дарсларда креативлик ва танқидий фикрлашни ривожлантирувчи методларни қўллаш усуллари билан таништирди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 30 сентябрдаги тегишли фармонига асосан жорий йилнинг 1 мартидан бошлаб тажриба-синов тариқасида республиканинг олис ва чекка ҳудудларида жойлашган мактабгача таълим ташкилотларида педагог кадрлар учун мобил малака ошириш хизматларини жорий этиш белгиланган эди.
Mobilm малака ошириш хизматлари негизида ташкил этилган автобуслар бир вақтнинг ўзида 14 педагогга дарс ўтиш учун ўқув жойлари, 10 ноутбук, 1 дона 65 дюймли интерактив монитор, ёзув доскаси, 1 интернет тарқатувчи қурилма WI FI роутер билан қайта жиҳозланган. Бу автобусдан олис ва чекка ҳудудларда яшовчи давлат ва хусусий мактабгача таълим ташкилотлари педагог кадрлари учун мобил малака ошириш хизматларини кўрсатиш, яъни узлуксиз касбий ривожлантириш («методик маҳорат куни» ва «методик маҳорат дарси») тадбирларини тегишли ҳудудларга борган ҳолда ўтказиш, тренинг, семинар ва бошқа тадбирларни ташкил этиш мақсадида фойдаланилади. Педагогларга ўзлари яшайдиган ва ишлайдиган жойларидан узоқлашмаган ҳолда узлуксиз касбий ривожланиши, билимларини янгилаб бориши орқали мактабгача таълим сифатини ошириш имкониятлари яратилади. Автобуслар тренинглар, семинарлар ва амалий машғулотлар ўтказиш учун барча зарур жиҳозлар билан тўлиқ таъминланган.
Иштирокчилар STEM лабораториясидаги имкониятлар билан ҳам танишди. Медиа-тур доирасида иштирокчилар замонавий виртуал реаллик (ВР) технологияси асосида яратилган ўқув жараёнлари билан танишди. Виртуал кўзойнаклар ёрдамида тингловчиларга реал ҳаётга яқинлаштирилган интерфаол таълим муҳити тақдим этилмоқда.
Ушбу технология орқали ўқувчилар: мураккаб жараёнларни визуал тарзда тушунишга, амалий кўникмаларни хавфсиз муҳитда шакллантиришга, фанларга бўлган қизиқишини оширишга эришмоқда. Хусусан, STEM (фан, технология, муҳандислик, санъат ва математика) йўналишидаги дарсларда виртуал кўзойнаклар ўқувчиларнинг билимини мустаҳкамлашда самарали восита бўлиб хизмат қилмоқда. Бу технология ўқитувчилар учун ҳам янги имкониятлар очиб беради – улар ўз дарсларини янада жонли, қизиқарли ва тушунарли қилиб олиб боришлари мумкин.
Медиа-тур давомида иштирокчилар мутахассислардан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот