«Имкон» ташкилотидаги болаларга совғалар топширилди

237

«1 июнь – халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни» байрами республикамиз бўйлаб жойларда кенг нишонланмоқда.

Нукус шаҳридаги «Имкон» реабилитация марказига эга давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотида сана муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев иштирок этиб, бу ерда тарбияланаётган болаларни байрам билан табриклади.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда юртимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида болаларнинг таълим олиши, саломатлиги мустаҳкам бўлиши, баркамол инсон бўлиб вояга етиши учун кўплаб эзгу ишлар амалга оширилмоқда. Энг чекка ҳудудларда ҳам замонавий болалар боғчалари, мактаблар, маданият ва спорт объектлари қурилиб фойдаланишга топширилиб, уларда болаларимиз замон талабларига мос таълим-тарбия олмоқда.

Юртимизда ҳеч бир бола эътибордан четда қолмайди. Оролбўйи болалари учун махсус қурилган ушбу реабилитация марказига эга болалар боғчасида ҳам бир қатор тарбияланувчилар ўқиб билим олиш билан бирга, ўз саломатликларини тиклашмоқда. Марказда болалар учун барча қулай шароитлар яратилиб, уларнинг саломатлиги доимий назоратга олинган ва бу йўлда тажрибали тиббиёт ходимлари ҳамда педагог-тарбиячилар туну кун фидокорона хизмат қилмоқда.

«Имкон» ташкилотида ўтказилган тадбирда республикамиз Раҳбари томонидан болаларга байрам муносабати билан совғалар топширилди.

Байрам тадбири болалар ижросидаги концерт дастури билан давом этди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги