ҚДУ – Хитойдаги академия билан меморандум имзолади

260

Аввал хабар берганимиздек, Хитой Халқ Республикасининг Донгиинг шаҳрида «Yellow River Estuary» халқаро ҳамкорлик ва алмашинув бўйича дўст шаҳарлар конференцияси бўлиб ўтди.

Ушбу халқаро тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси делегацияси билан биргаликда Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетининг халқаро ҳамкорлик бўйича проректори Т.Нуримбетов ҳам иштирок этиб, ташриф доирасида қатор муҳим учрашув ва музокаралар ўтказди.

Хусусан, конференция давомида «Сари дарё дельтаси» интеллектуал қишлоқ хўжалиги техникаси саноат академияси ва Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.

– Ушбу ҳужжат томонлар ўртасида ўзаро илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш, профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг академик алмашинуви, қишлоқ хўжалиги технологиялари бўйича инновацион лойиҳаларни биргаликда ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этишни назарда тутади,- ҚҚДУ проректори Тимур Нуримбетов.- Бундай ҳамкорлик нафақат университет миқёсида, балки умуман олганда, Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги илмий-таълим алоқаларини ривожлантиришга хизмат қилади.




Бунда қишлоқ хўжалиги соҳасига илғор технологияларни жалб этиш орқали Қорақалпоғистонда қишлоқ хўжалиги ҳосилдорлигини ошириш ва барқарор ривожланиши таъминланади. Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетининг халқаро майдондаги фаол иштироки, хорижий ҳамкорлар билан алоқалар, ёшларимизга сифатли таълим бериш, замонавий илм-фан ютуқларини ўзлаштиришда муҳим ўрин тутмоқда. Ушбу имзоланган меморандум университет тарихида яна бир муҳим босқич бўлиб, халқаро интеграция жараёнларининг яна бир амалий ифодасидир.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги