Остона шаҳрида нефть-газ соҳасида тўрт томонлама келишув имзоланди

184

Бугун Қозоғистон Республикасининг Остона шаҳрида «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси бошчилигидаги делегациянинг расмий учрашувлари ўтказилди.

Жамият ахборот хизматининг маълум қилишича, мазкур ташриф доирасида делегация декарбонизация ва барқарор ривожланиш ташаббуслари бўйича тўрт томонлама ҳамкорлик шартномасини имзолаш маросими ҳамда Қозоғистон Президенти ҳомийлигида ўтказилган Остона халқаро форумида иштирок этди.

Йирик келишув «Ўзбекнефтгаз» АЖ, «ҚазМунайГаз» АЖ, Россиянинг «Татнефть» АЖ ва Озарбайжоннинг SOCAR  компанияси ўртасида имзоланди. Ушбу шартнома нефть-газ соҳасида углерод чиқиндиларини камайтириш, барқарор ва экологик ечимларни жорий этиш, шунингдек, илғор технологияларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича қўшма ташаббусларни амалга оширишни кўзда тутади.

Айниқса, «Ўзбекнефтгаз» АЖ ва «ҚазМунайГаз» ўртасидаги шериклик изчил ривожланиб, янада юқори босқичга кўтарилаётгани алоҳида эътиборга молик. Ҳозирда ҳамкорлик геология-қидирув ишлари, газ-кимё соҳаси ривожи, маҳаллийлаштириш, инновация ва экологик технологияларни кенг татбиқ этиш каби йўналишларни қамраб олмоқда.

Учрашувлар чоғида томонлар ўзаро манфаатларни янада мустаҳкамлаб, янги лойиҳалар ва ташаббусларни амалга ошириш ниятида эканликларини билдирди. Бу жараён икки давлат энергетика соҳасининг барқарор ривожи учун стратегик аҳамиятга эга эканини яна бир бор тасдиқлади.

Остона шаҳридаги учрашувлар «Ўзбекнефтгаз» АЖ делегацияси учун «Татнефть» ва SOCAR раҳбарлари билан икки томонлама музокаралар ўтказиш имкониятини ҳам яратди.

 Н.Зиёдуллаева тайёрлади,

ЎзА