Сенатнинг еттинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади
Бугун, 2025 йил 28 май куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг еттинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади.
Унда Сенат ва Ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этмоқда.
Сенат Раиси Танзила Норбоева бошқараётган мажлис видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланган ҳолда ўтказилмоқда. Мажлис жараёнлари Сенатнинг YouTube тармоғидаги расмий саҳифаси орқали онлайн ёритиб борилмоқда.
Мажлисда солиқ, тадбиркорлик, маъмурий ва жиноят процессуал қонунчилик соҳаларидаги ҳуқуқий муносабатларни такомиллаштиришга қаратилган қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга оид масалалар муҳокама қилинади.
Ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш тизимини жорий этиш бўйича янги қонун ҳам сенаторлар томонидан кўриб чиқилади.
Кун тартибидан Ўзбекистон Республикаси билан Бирлашган Араб Амирликлари ўртасида фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги Битимни ратификация қилиш масаласи ҳам ўрин олган.
Мажлис кун тартиби доирасида устувор халқаро рейтинглар ва индексларда Ўзбекистоннинг ўрни яхшиланиши тўғрисидаги миллий маъруза ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг мамлакат ҳудудларида хизматлар соҳасини ривожлантириш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақидаги ахбороти эшитилади.
Бундан ташқари, Сенатнинг маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссиясининг маҳаллий кенгашлар фаолиятига амалий ва услубий жиҳатдан кўмаклашиш борасида амалга оширган ишлари тўғрисидаги ахбороти эшитилади.
Болаларга кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини яхшилаш, ҳудудлардаги болалар кўп тармоқли тиббиёт марказларини тор доирадаги мутахассислар билан, моддий-техник ҳолат талабга жавоб бермайдиган айрим тиббиёт муассасаларини эса замонавий юқори технологик ускуналар билан таъминлашга қаратилган чоралар юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлигига парламент сўрови юбориш масаласи ҳам кўриб чиқилади.
Мажлисда кўриб чиқиладиган барча масалалар ҳақида батафсил ёритиб борамиз. Бизни кузатиб боринг!
Норгул Абдураимова,
Носиржон Ҳайдаров (сурат),
ЎзА