Умумий фаровонлик ва барқарорлик сари
Тошкентда «Марказий Осиё-2050: Умумий фаровонлик ва барқарорлик сари» мавзусида биринчи минтақавий форсайт-семинар бошланди.
Анжуман Стратегик ислоҳотлар агентлиги ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Марказий Осиё халқаро институти, Қозоғистон Республикаси Стратегик режалаштириш ва ислоҳотлар агентлиги билан ҳамкорликда, Европа Иттифоқининг мамлакатимиздаги делегацияси кўмагида ташкил этилган.
Тадбир иштирокчилари 2050 йилгача демография, энергетика, иқлим, сув, транспорт интеграцияси ва инсон капитали йўналишларидаги фаразлар юзасидан фикр алмашади. Қолаверса, минтақа мамлакатлари ўртасида саноат кооперацияси, иқтисодий жиҳатдан бир-бирини тўлдириши масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.
Илк бор ўтказилаётган минтақавий форсайт-семинар қўшма стратегиялар ишлаб чиқиш, Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги узоқ муддатли мулоқотни мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадамдир.
Муҳокама, мунозаралар якуни, ишлаб чиқилган ғоялар, илгари сурилган ташаббуслар давлат раҳбарларининг бўлажак Маслаҳат учрашуви кун тартибини шакллантиришга ҳисса қўшади. Шунингдек, тараққиёт, инновация ва минтақавий интеграция соҳасида барқарор ҳамкорлик учун асос яратади.
Мусулмон Зиё,
Дониёр Ёқубов (видео),
ЎзА