Делегациямиз Хитойдаги халқаро конференцияда иштирок этмоқда

Хитой Халқ Республикасининг Донгиинг шаҳрида «Yellow River Estuary» халқаро ҳамкорлик ва алмашинув бўйича дўст шаҳарлар конференцияси бўлиб ўтмоқда. Ушбу нуфузли халқаро тадбирда турли давлатлардан вакиллар, жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси делегацияси ҳам иштирок этмоқда.
Конференция доирасида иштирокчилар ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, иқтисодий, маданий ва илмий соҳаларда тажриба алмашиш, шунингдек, барқарор ривожланиш йўлида янги ташаббусларни илгари суриш масалаларини муҳокама қилмоқда. Тадбир, айниқса, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, яшил иқтисодиёт, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва шаҳарлараро барқарор алоқаларни ривожлантиришга қаратилган.
Республикамиз делегацияси таркибида Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетининг халқаро ҳамкорлик бўйича проректори Т.Нуримбетов ҳам иштирок этмоқда.
У мазкур конференцияда олий таълим муассасалари ўртасидаги халқаро алоқаларни ривожлантириш, илмий алмашинув ва қўшма лойиҳаларни йўлга қўйиш бўйича қатор учрашувларни ўтказмоқда.
Конференция давомида Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ва Хитойнинг етакчи олий таълим муассасалари ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланиши режалаштирилган бўлиб, бу икки томонлама илмий-инновацион лойиҳаларни амалга ошириш, талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинувини йўлга қўйиш имконини беради.




– Ушбу халқаро форум Ўзбекистоннинг, айниқса, Қорақалпоғистон минтақасининг халқаро ҳамкорликдаги фаоллигини намойиш этади ва янги стратегик ташаббусларни амалга оширишга хизмат қилади, – дейди Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетининг халқаро ҳамкорлик бўйича проректори Т.Нуримбетов.
Тадбир ҳали давом этмоқда.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги