Қорақалпоғистон делегациясининг БААга ташрифи – янги босқичдаги ҳамкорликлар пойдевори

Муносабат
Бугунги кунда Ўзбекистон халқаро майдонда изчил ва прагматик ташқи сиёсат олиб бориб, дунё давлатлари билан ҳар томонлама манфаатли муносабатларни мустаҳкамлаб бормоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан юртимизда барча ҳудудларнинг иқтисодий ва инвестицион имкониятларини очиб беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, Қорақалпоғистон Республикасидаги кенг қамровли ислоҳотлар ва жадал ривожланиш жараёнлари халқаро ҳамкорлар эътиборида.
Шу нуқтаи назардан, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Орынбаев бошчилигидаги делегациянинг Бирлашган Араб Амирликларига амалга оширган ташрифи муҳим аҳамиятга эга. Ушбу ташриф Президентимиз топшириғига мувофиқ амалга оширилди ва у икки томонлама ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилиши шубҳасиз.
Ташриф доирасида Қорақалпоғистон делегацияси БААдаги қатор етакчи давлат ва хусусий сектор вакиллари, жумладан, инвестиция, туризм, экология, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларида фаолият юритаётган ташкилотлар билан музокаралар олиб борди. Қорақалпоғистондаги ўзаро манфаатли лойиҳалар, хусусан, туризм инфратузилмасини ривожлантириш, замонавий клиникалар қуриш, яшил энергетика ва IT соҳаларидаги имкониятлар тақдимоти юқори баҳоланди.
Шунингдек, БААнинг энг йирик инвестиция компаниялари билан бўлиб ўтган учрашувларда Қорақалпоғистон ҳудудига сармояларни жалб қилиш, озиқ-овқат хавфсизлиги, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳамда экологик барқарорликни таъминлашга доир масалалар муҳокама қилинди. Қорақалпоғистоннинг бой табиий ресурслари, қулай географик жойлашуви ва юқори салоҳиятга эга инсон капитали БАА тадбиркорлари учун катта қизиқиш уйғотмоқда. Эътиборли томони шундаки, ташриф чоғида қатор қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди. Хусусан, соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш доирасида Нукус шаҳрида қурилаётган қиймати 28 миллион долларлик “Она ва бола” клиникаси шу йили ўз ишини бошлайди.
Қорақалпоғистон Республикаси делегациясининг БААга ташрифи нафақат иқтисодий, балки маданий-гуманитар соҳаларда ҳам икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни янги поғонага олиб чиқиши кутилмоқда. БАА тажрибасини Қорақалпоғистонда татбиқ этиш – замонавий бошқарув, технологик ривожланиш ва инновацион ёндашувларни жорий этишда муҳим ўрин тутади. Зеро, ҳар қандай ижтимоий-иқтисодий ўзгаришнинг марказида инсон манфаати, унинг саломатлиги, таълим олиши ва муносиб турмуш кечириши ётади.
Айниқса, Абу-Даби (АДФД) тараққиёт фонди раҳбарлари билан учрашувда Қорақалпоғистонда қўшма технопарклар, ўқув марказлари очиш, йўл қурилиши, экологик вазият, сув таъминотини яхшилаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилишда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича музокаралар олиб борилганлиги республикамизнинг ривожланиш босқичи учун жуда муҳим келишувлардан бири бўлди. Шунингдек, минтақанинг энг катта муаммоси – Орол денгизининг Ғарбий қисмини сақлаб қолиш масалалари муҳокама қилингани экологик мураккаб шароитни юмшатишга қаратилган яна бир қадам бўлди, деб ҳисоблаш ўринли.
Ушбу ташриф нафақат юксак даражадаги дипломатик мулоқот, балки стратегик ҳамкорлик сари ташланган мустаҳкам қадамдир. Бу ташриф юртимизнинг барча ҳудудлари қатори Қорақалпоғистоннинг ҳам глобал миқёсда ўз ўрнини мустаҳкамлаётганидан далолат беради.
Урингул Аллабергенова, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги