Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг атроф-муҳитга салбий таъсири сақланиб қолмоқда

Шарҳ
Бугун турли кўринишдаги экологик муаммолар инсоният ҳаёти ва саломатлигига, озиқ-овқат хавфсизлигига ўз салбий таъсирини кўрсатмоқда. Ён-атрофимиздаги бу муаммоларни бартараф этиш, уларнинг оқибатларини юмшатиш, аввало, инсонларнинг экологик маданияти билан чамбарчас боғлиқ.
Шу боис давлатимиз раҳбарининг жорий йил 15 май куни “2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепциясини тақдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга кўра, 2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш Концепцияси ва уни самарали амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” тасдиқланди.

Мазкур Концепциянинг мазмуни ва бугунги кундаги аҳамияти, унда белгиланган вазифалар хусусида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзоси Моҳира Хўжаева ўз муносабатини билдирди:

— Янги таҳрирдаги Конституциямизда давлат фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаши белгилаб қўйилди. Мамлакатимизда аҳолининг ушбу конституцион ҳуқуқларини рўёбга чиқариш, глобал ривожланиш ва иқлим ўзгаришлари билан боғлиқ экологик муаммоларнинг олдини олиш ва бартараф этиш мақсадида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Бироқ, изчил чора-тадбирларга қарамай, юртимизда экологик ҳуқуқбузарликлар давом этмоқда. Ачинарлиси, фуқароларнинг аҳоли пунктлари санитария ҳолатига, тадбиркорлик субъектларининг эса атроф-муҳитга салбий таъсири сақланиб қолмоқда. Бундай холатлар жамиятда экологик маданиятни юксалтириш бўйича амалга оширилаётган ишларда узвийлик мавжуд эмаслигини, оила, маҳалла ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамияти бошқа институтларининг иштироки етарлича таъминланмаганини кўрсатмоқда.
Президентимизнинг “2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепциясини тақдиқлаш тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган Концепция ва уни самарали амалга оширишнинг “Йўл харитаси” айни вақтда қабул қилинган муҳим ҳужжат бўлди. 73 та аниқ чора-тадбирларни ўз ичига олган “Йўл харитаси”да 2025-2026 йиллар давомида аҳолининг экологик маданиятини юксалтиришда тизимли ишларни амалга оширишнинг аниқ мақсад ва вазифалари белгилангани, шунингдек, бу вазифаларнинг масъул органлари ва молиявий манбалари аниқ кўрсатиб ўтилгани соҳада самарали натижаларга эришишда муҳим ҳисобланади.
Айтиш жоизки, “йўл харитаси” ҳар икки йилда ишлаб чиқиладиган ва узвий давом этадиган асосий тадбир бўлиб қолади.
Қарорга мувофиқ, 2030 йилгача мактабгача таълим ташкилотларининг 3,3 миллион нафар тарбияланувчисида, 4,2 миллион нафар мактаб ўқувчиси, 400 минг нафар ўрта махсус ва касбий таълим тизими ташкилотларининг ўқувчиси ҳамда 1,9 миллион нафар талабаларда экологик маданият юксалишига эришиш мақсад қилинган. Шунингдек, давлат органлари, корхона ва муассасалар ходимларининг асосий қисми, яъни 90 фоизида экологик маданият юксалишига эришиш белгиланган.
Концепцияда ўз аксини топган вазифаларни бажариш ва олдинга қўйилган мақсадга эришишда, энг аввало, аҳолининг экологик маданиятини юксалтиришнинг ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш, кадрлар салоҳиятини ошириш, шунингдек, жамиятнинг барча бўғинида — оилада, мактабгача таълим, умумий ўрта ва ўрта махсус таълим тизими ташкилотларида, касбий таълим ва олий таълимда, олий таълимдан кейинги босқичда, давлат органлари ва ташкилотларида, маҳаллаларда аниқ тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш белгилаб берилган.
Аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш Концепциясининг асосий мақсади ўсиб келаётган ёш авлодда экологик билим, онг ва маданиятни шакллантириш ҳамда ривожлантириш, ушбу йўналишда таълим-тарбия жараёнини самарали ташкил этиш, аҳолининг барча қатламларида экологик маданиятни, шу жумладан “яшил” истеъмол маданиятини янада юксалтиришдан иборат.
Шундан келиб чиққан ҳолда Концепцияда ваколатли давлат органларига, “яшил истеъмол” маданиятининг кундалик қоидаларини билишни, табиий ресурсларни исроф қилмаслик каби халқимизнинг миллий қадриятларини тарғиб қилувчи тарғибот-ташвиқот ишларини тизимли равишда амалга ошириш вазифалари белгиланган. Бу борада фуқаролик жамияти институтларининг фаоллигини қўллаб-қувватлашнинг аниқ молиявий манбалари кўрсатилди.
“Яшил истеъмол” маданияти авваломбор, фуқароларнинг экологик масъулиятни ҳис этган ҳолда жамиятда юриш-туриш, “яшил ўсиш” тамойилларига асосан табиий ресурслардан (сув, ер, ер ости бойликлари, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, атмосфера ҳавоси) фойдаланиш ва уларга нисбатан эҳтиёткорона муносабатда бўлиш ҳамда истеъмол маданиятини ривожлантиришни ўз ичига қамраб олади. Ушбу хислатларни инсоннинг ёшлигиданоқ онгида сингдириш ўз самарасини бериши мумкин.
“Яшил истеъмол” маданияти мамлакатимиз аҳолисининг экологик маданиятини юксалтириш яхлит тизимининг асосий элементи сифатида нафақат мамлакатнинг озиқ-овқат ёки табиий ресурслар хавфсизлигини, балки мамлакатнинг барқарор иқтисодиётини кафолатлашда муҳим аҳамият касб этади.
Аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш Концепциясида белгилаб берилган вазифаларнинг ўз муддатида ва сифатли амалга оширилиши мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, иқтисодиётни янада ривожлантириш орқали мамлакатнинг барқарор ривожланишига хизмат қилади.
Концепция она табиатни асраб-авайлаш, инсонларда атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш ҳиссини шакллантириш, аҳоли, айниқса, ёшлар онгига табиатга муҳаббат руҳини, қонунларга риоя этиш тушунчаларини сингдириб боришдек эзгу мақсадларни рўёбга чиқаради. Зеро, экологик маданиятни юксалтириш бу жамиятнинг барқарорлиги ва соғлом келажаги учун олиб борадиган муҳим йўлдир.
Муҳтарама Комилова ёзиб олди.
ЎзА