Президент ташрифлари давомидаги келишувлар мамлакат равнақига хизмат қилади

253

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзМТДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида бир қатор қонун лойиҳалари қизғин муҳокама қилинди. Йиғилиш аввалида давлатимиз раҳбарининг Венгрия ва Словенияга ташрифларининг аҳамиятига тўхталиб ўтилди.

Қайд этилганидек, Ўзбекистон – Венгрия ўртасида стратегик ва кўп қиррали ҳамкорлик янада мустаҳкамланиб, амалий ҳамкорлик барча йўналишларда изчил ривожланиб бормоқда. Жумладан, парламентлар, ҳукуматлар, идора ва ҳудудлар даражасида самарали алоқалар йўлга қўйилган, БМТ, Туркий давлатлар ташкилоти ва бошқа халқаро тузилмалар доирасида яқин ҳамкорлик қилинмоқда. Ҳар икки мамлакат ўртасида ўзаро савдо ҳажми ортаётгани, иқтисодиётнинг турли тармоқларида етакчи корхоналарнинг кооперацияси кучайиб бораётгани эътироф этилди.

Шунингдек, Ўзбекистон – Венгрия Ишбилармонлар кенгаши фаолиятини қайта тиклаш ва яқин фурсатда унинг навбатдаги йиғилишини ўтказиш, ҳудудлараро алоқаларни рағбатлантириш мақсадида Венгрияда иккинчи форумга пухта тайёргарлик кўриш юзасидан эришилган келишувлар икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни янада ривожлантириши қайд этилди.

Сўнгги 20 йил давомида илк бор ўтказилган Ўзбекистон – Словения ўртасидаги олий даражадаги тадбирларда эришилган келишувлар ҳам тарихий аҳамиятга эга. Учрашув давомида Словениянинг етакчи компаниялари билан Саноат кооперацияси дастурини қабул қилиш, шунингдек, замонавий асбоб-ускуналар, саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш, фармацевтика маҳсулотлари, шу жумладан, асал ва шифобахш гиёҳларга асосланган дори ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, энергетика объектларини қуриш ва модернизация қилиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан келишувларга эришилди.

– Айни пайтда Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига киришда Европа Иттифоқи давлатлари билан музокаралар ўтказмоқда. Бу икки давлат Европа Иттифоқи аъзоси ҳисобланади. Шу жиҳатдан ушбу ташрифлар, шубҳасиз, мамлакатимизнинг ЖСТга тезроқ аъзо бўлишида муҳим аҳамият касб этади, – деди фракция аъзоси Нодир Тилаволдиев.

Фракция аъзолари томонидан ҳар иккала ташриф мобайнида эришилган келишувлар мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий тараққиётида муҳим аҳамият касб этиши алоҳида таъкидланди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА