Текшириш жараёнлари қатъий назорат остида

Хорижий давлатлардан юртимизга ноқонуний товарлар кириб келишининг олдини олиш орқали яширин иқтисодиёт улушини кескин камайтириш, божхона тўловлари ставкаси паст этиб белгиланган товарлар ниқоби остида юқори ставкали товарлар олиб кирилишига чек қўйиш ҳамда аҳоли саломатлиги учун хавфли товарларнинг эркин муомаласини чеклаш мақсадида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Бунда товарларни самарали божхона назорати, хусусан, божхона кўригидан ўтказиш орқали шаффофликни таъминлашнинг аҳамияти юқори ҳисобланади.
Очиқлик ва шаффофлик асосида иқтисодий хавфсизликни таъминлаш чора-тадбирлари доирасида Қорақалпоғистон Республикаси Божхона бошқармаси бошлиғи ўринбосари О.Махмадалиев Нукус шаҳридаги божхона омборларидан бирида божхона кўриги жараёнларида иштирок этди.
Тадбиркорлик субъектлари ва божхона пости ходимлари билан товарларни божхона кўригидан ўтказишнинг ўзига хос хусусиятлари, ушбу жараёнларда алоҳида эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳатлар юзасидан тавсиялар берилди.



Мамлакатимизда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларидан бирининг номига Германия давлатидан олиб келинган 12,3 тонналик «шовқиндан ҳимояловчи ғилоф» товарлари божхона кўригидан ўтказилиши давомида юк ҳужжатлари, миқдори ва сифати, келиб чиқиш сертификати ва товарнинг ТИФ ТН коди амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқлиги назорат қилинди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги