Сенат Раиси Меросни муҳофаза қилиш халқаро альянси – ALIPH Кенгаши раиси билан учрашди

211

Олий Мажлис Сенатида парламент юқори палатаси раҳбари Танзила Нарбаева Меросни муҳофаза қилиш халқаро альянси – ALIPH Кенгаши раиси, Франция Президентининг маслаҳатчиси Бариза Ҳиари билан учрашди.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Франция ўртасида икки томонлама муносабатларни янада ривожлантириш, маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорликни чуқурлаштириш истиқболлари муҳокама қилинди. Санъат, маданиятлараро мулоқот ва тарихий-маданий меросни асраб-авайлаш борасида қўшма ташаббусларни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Янги реставрация ташаббуслари, ёшлар ва волентерлар меросни асраб-авайлашга жалб қилиш дастурлари, шунингдек, мутахассисларнинг касбий даражасини оширишга қаратилган қўшма лойиҳалар орқали ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари ҳам муҳокама қилинди.

Учрашув доирасида юқори даражадаги мунтазам икки томонлама мулоқот ва алмашинувлар асосида давом этаётган парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди. Парламентларнинг тегишли қўмиталари ва дўстлик гуруҳлари орқали ҳамкорликни фаоллаштириш муҳимлиги таъкидланди.

Учрашув якунлари бўйича томонлар икки мамлакат халқлари ўртасидаги дўстлик ва ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган маданият, санъат ва маданиятлараро мулоқот соҳасидаги шерикликни янада ривожлантириш ва ҳамкорликни кенгайтиришдан ўзаро манфаатдор эканлигини билдирди.

*   *   *

Жорий йилнинг 26 май куни Сенат Раиси Танзила Нарбаева БМТ Бош котиби ўринбосари, БМТ Тараққиёт дастури администратори ўринбосари Хаолян Сюй билан учрашув ўтказди.

Суҳбат давомида Ўзбекистон ва БМТ Тараққиёт дастури ўртасидаги амалдаги ҳамкорликка юқори баҳо берилди. Бугунги кунда мамлакатимизда умумий қиймати 163 млн АҚШ долларидан зиёд 43 та лойиҳа амалга оширилаётгани таъкидланди. Бу эса минтақа мамлакатлари орасида энг катта кўрсаткичлардан бири экани қайд этилди.

Мазкур лойиҳалар ёшларнинг рақамли саводхонлигини ошириш, хотин-қизларни иқтисодий қўллаб-қувватлаш, соғлиқни сақлаш тизимини модернизация қилиш, давлат хизматлари сифатини яхшилаш каби муҳим йўналишларни қамраб олган.

Томонларнинг 2021–2025 йилларга мўлжалланган Мамлакат дастури доирасида шерикликни янада чуқурлаштиришга содиқлиги таъкидлаб ўтилди. Экологик барқарорликни таъминлаш, Орол инқирози оқибатларини юмшатиш, гендер тенгликни илгари суриш ва Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш каби устувор йўналишларга алоҳида эътибор қаратилди.