Туман аҳолиси пиллачиликда фаоллик кўрсатмоқда

Амударё туманида ипак қурти парвариши ва пилла етиштириш соҳаси жадал ривожланиб, республикадаги энг фаол ҳудудлардан бири сифатида эътироф этилмоқда. Жорий йилда пилла етиштириш режаси 296 тонна бўлиб, 2658 та хонадонда 4936 қути ипак қурти парваришланмоқда, – деб маълумот беради туман ҳокимлиги Ахборот хизмати бўлими.
Айниқса, Дўрман овули аҳолиси пиллачиликни марказлашган тизим асосида ташкил этишга ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор бермоқда. Ҳар йили овулда банд бўлмаган хотин-қизлар бўш турган биноларда ипак қурти парвариши билан шуғулланиб, даромад манбаини кенгайтирмоқда.
Жорий йилнинг илк ойларида 15 нафар аёл-қиз 20 қути ипак қуртини парваришлаб, пилла етиштириш жараёнида фаоллик кўрсатмоқда.

Туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Ф.Юсупов пиллачиликни ривожлантириш мақсадида ташкил этилган иш жараёнига ташриф буюриб, ипакчилик нафақат иқтисодий фойда манбаи, балки хотин-қизлар ва ёшлар учун иш ўрни эканлигини таъкидлади. Ушбу соҳа ходимларининг меҳнати алоҳида эътирофга сазовор эканини билдирди.
Тадбир давомида пиллачилик билан шуғулланаётган фаоллар ва тажрибали пиллакорлар сифатли ишлаб чиқаришлари учун эсдалик совғалари билан тақдирланди. Улар ўртасида узоқ йиллардан буён ипак қурти парвариши билан шуғулланиб келаётган нуроний онаналар ҳам бор бўлиб, бу эътироф уларни янада меҳнатга илҳомлантирмоқда.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги