Туризмни ривожлантиришга кенг имкониятлар очилмоқда

315

 

Сўнгги йилларда Президентимизнинг алоҳида эътибори билан республикамизда ҳар бир соҳани ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Мамлакатимизда туризм соҳасига оид қабул қилинган фармон ва қарорлар талабларининг ижроси бўйича ишлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, Президентимизнинг 2024 йил 24 декабрь куни Қорақалпоғистон Республикасида қўшимча имкониятларни ишга солиб, инвестицияларни кўпайтириш ва аҳоли бандлигини ошириш, 2025 йилдаги устувор вазифалар бўйича ўтказган йиғилишида ҳам туризм соҳасини ривожлантириш бўйича янада кенг тарзда тўхталиб ўтган эди.

Айни пайтда иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари қатори туризм соҳаси ҳам ривожланиб, мамлакатимиз ва хорижлик сайёҳлар оқимини кўпайтириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, сайёҳлик объектлари инфратузилмаси ривожланиб, сайёҳлар учун турар жойлар кўпаймоқда: йирик меҳмонхоналар, ётоқхоналар ва оилавий меҳмон уйлари билан бир қаторда янги сайёҳлик йўналишлари ишлаб чиқилмоқда. Туризм салоҳиятини тарғиб қилиш мақсадида Хитой, Корея, Белгия, Россия, БАА, мамлакатларида ўтказилган халқаро кўргазмаларда ҳудуднинг туризм салоҳияти намойиш этилди. Ички туризмни оммалаштириш бўйича лойиҳалар амалга оширилиб, хорижий сайёҳлар оқимини кўпайтириш чоралари кўрилмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев бошчилигидаги Қорақалпоғистон делегацияси Рас-ал-Хайма Амири Шайх Сауд бин Сакр Ал Қосимий билан учрашди. Унда Қорақалпоғистоннинг янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш борасидаги ва иқтисодий салоҳияти, ўзига хос географик жойлашуви, туризм, қишлоқ хўжалиги ва саноат соҳасидаги имкониятлари қайд этилди. Шунингдек, муҳим лойиҳалар устида шериклик муносабатларини ўрнатиш бўйича келишиб олинди ва 20 га яқин хорижий компаниялар билан 100 млн. долларлик экспорт бўйича шартномаларни имзолаш бўйича келишувларга эришилди. Сўнгги йилларда мамлакатимизда туризмни давлат сиёсатининг устувор йўналишига айлантириш орқали хорижий инвесторлар, айниқса араб давлатлари инвесторлари билан ҳамкорлик қилиш имкониятлари кенгаймоқда. Устюрт платоси экологик ва экстремал туризм учун жуда қулай бўлиб, бу салоҳиятли инвесторлар учун қизиқарли йўналиш бўлиши мумкин. Шу нуқтаи назардан, Қорақалпоғистонда этнотуризм, экотуризм ва экстремал туризм салоҳиятини ривожлантириш алоҳида аҳамиятга эга. Юртимиз ўзининг бой тарихи ва маданий мероси билан сайёҳлар оқимини жалб қила олади. Шу билан бирга, маданий меросларимиз, археологик, тарихий ёдгорликларимиз, айни пайтда ҳудуди экологик инқироз ҳудудига айланган Орол денгизи ҳам жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини ўзига тортиб турибди. Бу борадаги экотуризм Оролбўйининг туризм салоҳиятини тарғиб қилувчи омиллардан бирига айланиб бормоқда. 2024 йилда Республикамизга ташриф буюрган сайёҳлар сони 2,2 миллионни ташкил этган бўлса, шундан 200 минг нафари хориждан келган сайёҳларни ташкил этган. Асосан, 2025 йилда республикага ташриф буюрган сайёҳлар сонини 3 миллионга, шундан хориждан келган сайёҳлар сонини 400 минг, маҳаллий сайёҳлар сонини 2,6 мингга етказиш, туризм хизматлари экспортини 50 миллион долларга етказиш режалаштирилган.

Президентимизнинг туризм ва маданият соҳасига қаратилган алоҳида эътибори натижасида қулай шароитлар яратилиб, юртимизга келувчи сайёҳлар сони йилдан-йилга кўпайиб бормоқда. «BBC Travel» глобал медиа портали маълумотларига кўра, Ўзбекистон 2025 йилда саёҳат қилиш учун энг яхши 25 та йўналиш рўйхатига кирди. Бундан ташқари, 90 дан ортиқ мамлакат, жумладан, Буюк Британия, Канада ва Австралия фуқаролари Ўзбекистонга визасиз келиши мумкинлиги саёҳатни сезиларли даражада енгиллаштиради ва сайёҳлар учун янги имкониятлар эшигини очади.

 

С. Сулайманов,  т.и.д (DSc) доцент.

М.Кайпова, PhD.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги