Томорқа эгаларига ёрдам кўрсатилмоқда

Қорақалпоғистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигининг Қўнғирот тумани бўлими инспекторлари томонидан сайёр лаборатория мутаххасислари билан тумандаги фермер хўжаликларининг ғалла ва ғўза майдонларида фитосанитар мониторинг ўтказилиб, маҳсулотлардан намуналар олинди ва агентликнинг кўчма лабораториясида текширувдан ўтказилди.
Дастлаб мутахассислар Қўнғирот ОФЙда яшовчи фуқароларнинг томорқа ерлари, мевали боғ ва иссиқхоналарида мониторинг ўтказиб, ўсимлик зараркунандалари ва касалликларига қарши курашиш бўйича ўз тавсияларини берди. Томорқа эгаларининг далаларида ўсиб турган маҳсулотлардан намуналар олиниб, лаборатория текширувлари амалга оширилди. Агентлик томонидан турли маҳсулотларнинг зараркунандалари ва касалликларининг олдини олиш ҳамда қарши курашиш бўйича тайёрланган буклет ва флаерлар тарқатилди.
– 28 сотих томорқам бор. Мева-чева, боғ-роғ, полиз экинларининг ҳаммасини шу еримдан ундириб оламан. Худога шукр, олма, ўрик, гилос, нок, шафтоли, олхўри, узум, сабзи, картошка, бақлажон, помидор, бодринг ҳаммасини ўзимиз экиб оламиз. Бозордан деярли нарса сотиб олмаймиз. Меваларни набираларимга шу даладан узиб олиб едиришни яхши кўраман, – дейди ОФЙ да яшовчи фуқаро Собит Чавдирбоев. – Карантин агентлиги мутахассислари келиб, зараркунанда ва касалликларга қарши курашиш бўйича ўз тавсияларини бериб туради. Айниқса, агентликнинг «Агрокўмакчи» мобил иловаси менга яқиндан ёрдам бермоқда. Билмаганимни шундан ўрганяпман.
Сўнг туманда фаолият юритаётган биолабораториялар томонидан етиштирилган олтинкўз, трихограмма ва бракон каби фойдали энтомофагларни дала майдонларига тарқатиш, феремон тутқичларни мониторинг қилиш ва бошқа биологик қарши кураш тадбирлари ўтказилиб, деҳқон-фермерлар ва боғбонларга биологик курашнинг афзалликлари ҳақида тушунтириш ишлари олиб борилди.
Биологик усулнинг афзаллиги шундаки, атроф-муҳитга зарар етказувчи кимёвий воситалардан фойдаланмасдан хилма-хилликни сақлаш, экотизимни яхшилаш, тупроқ унумдорлигини ошириш орқали инсонлар саломатлигини муҳофаза қиладиган органик, сифатли мўл ҳосил етиштиришга эришиш мумкин.
Бугунги кунда Қўнғирот туманида қишлоқ хўжалиги экинлари зараркунандаларига қарши курашда биологик усулни кенг қўллаш мақсадида 3 та биолаборатория фаолият кўрсатмоқда.




Ҳозирги кунда ушбу хўжаликларда етиштирилган биомаҳсулотлар далаларга профилактик ва зараркунандаларга қарши курашиш мақсадида лаборатория ходимлари томонидан тарқатилмоқда.
Шунингдек, Қўнғирот деҳқон бозорида сотилаётган полиз маҳсулотлари кўчатларининг фитосанитар тозалигини таъминлаш мақсадида агентликнинг туман бўлими мутахассислари томонидан мониторинг ўтказилиб, олинган намуналар асосида кўчма лабораторияда текширилгандан сўнг тегишли хулосалар берилди.
Кўчма лаборатория хизмати орқали ҳатто чегара ҳудудларда ҳам импорт ва экспорт қилинаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини карантин текширувларидан ўтказганда зарарланган маҳсулот ҳақида лаборатория хулосасини кўрсатиш имконияти яратилди. Бу эса зарарли организмларни ўз вақтида аниқлаш ва мамлакатимизга кириб келиши ҳамда тарқалишининг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга. «Долзарб 30 кунлик» тадбири жойларда самарали давом этмоқда.
А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги