Ёш атлетлар учун синов майдони

Тахтакўпир туманида енгил атлетика бўйича 15-17 ёшли ўсмирлар ўртасида «Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари» спорт мусобақаларининг ҳудудий босқичи бўлиб ўтди.
Мусобақада Тахтакўпир, Қораўзак, Кегейли, Чимбой ва Бўзатов туманларидан ёш атлетлар иштирок этиб, бир қатор йўналишлар бўйича ўзаро кескин кураш олиб борди.
Қизиқарли ўтган беллашувлар якунида, майдон эгалари ҳисобланган тахтакўпирлик спортчилар ўз рақибларидан устун келиб, кўпчилик йўналишлар бўйича ғалабани қўлга киритди.



Жумладан, ядро улоқтириш бўйича эркаклар ўртасида Асилбек Полатбеков, қизлар ўртасида Гулдана Омирбоева, найза улоқтириш бўйича Жасурбек Пўлатбеков, 100 метрга қизлар ўртасида тўсиқлар оша югуришда Айсара Базарбаева, узунликка сакрашда қизлар ўртасида Жасмина Шерипбоева, эркаклар ўртасида Отабек Назаровлар биринчи ўринни эгаллаб, олтин медаль соҳибига айланди.
Баландликка сакрашда эркаклар ўртасида қораўзаклик Бобаяр Бердиханов, қизлар ўртасида бўзатовлик Балаўса Оразбаева, уч ҳатлаб сакрашда эркаклар ўртасида Айбек Абдуллаев, қизлар ўртасида чимбойлик Жипек Лепесова ва найза улоқтиришда қизлар ўртасида қораўзаклик Албина Аралбаевалар ғолибликни қўлга киритди.
Ўтказилган мусобақа якунида ғолиблар ташкилотчилар томонидан диплом, медаль ва эсдалик совғалари билан тақдирланиб, «Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари» спорт мусобақаларининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичига йўлланмани қўлга киритди.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси