Экологик вазиятни яхшилаш масалаларига аҳамият қаратилди

266

 

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев Халқаро Яшил иқлим фонди ижрочи директори Мафалда Дуарте билан учрашди.

Таъкидлаш жоизки, Жўқорғи Кенгес Раиси бошчилигидаги делегациянинг Корея давлатига ташрифи давомида фонд билан яқин шериклик ўрнатиш ва ҳамкорлик бўйича келишиб олиниб, фонд вакиллари Қорақалпоғистонга таклиф этилди. Ушбу учрашув ана шу ўрнатилган муносабатларни мустаҳкамлаш борасидаги муҳим қадамлардан биридир.

Ўтказилган учрашувда сўнгги йилларда Президентимиз раҳбарлигида Оролбўйи минтақасини ривожлантириш, ҳудуддаги экологик офат оқибатларини юмшатиш, фуқароларнинг турмуш фаровонлигини таъминлаш йўналишида амалга оширилаётган ишлар кенг тарзда муҳокама қилинди.

Шунингдек, Оролбўйи минтақасида аҳолининг яшаш шароитини яхшилаш, экологик таъсирларни юмшатиш мақсадида халқаро донор ташкилотларнинг грант маблағларини жалб қилиш, минтақада экологик вазиятни яхшилаш бўйича ҳамкорлар тажрибаси асосида инновацион ечимларни топиш масалалари ҳақида сўз борди.

Ўз навбатида меҳмонлар самимий қабул учун республика раҳбарларига миннатдорлик билдирди ҳамда ҳамкорликни янада кенгайтириш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, грант маблағларини жалб этиш бўйича ўзаро алоқаларни янада мустаҳкамлаш борасида фикрларини билдирди.

Учрашув якунида Олий Кенгаш Раиси ҳамкорликни янада кенгайтириш борасида доимо мулоқотга тайёрлигини ва ҳар қандай ташаббуслар қўллаб-қувватланишини таъкидлади.

Сўнг Халқаро Яшил иқлим фонди вакиллари бу борада республикамизда амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишди.

 

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.