Ташриф доирасидаги учрашувларда муҳим келишувлар имзоланди

Аввал хабар берилганидек, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси А.Оринбаев бошчилигидаги Қорақалпоғистон делегациясининг Амирликларга сафари давом этиб, Қорақалпоғистон делегацияси ENOC (Emirates National Oil Company) Бош ижрочи директори Саиф Ал Фаласи билан учрашди.
Унда Жўқорғи Кенгес Раиси сўнгги йилларда Президентимизнинг эътибори билан республикамизда инвестиция муҳитини яхшилаш, тадбиркорларга қулайликлар яратиш бўйича яратилган имкониятлар, Қорақалпоғистоннинг иқтисодий, транспорт-логистика ва ресурс салоҳияти ҳақида кенг маълумот берди.
Учрашувда компания билан давлат-хусусий шериклик асосида ҳамкорликни йўлга қўйиш, стационар ва мобил тарзда электр станциялар қуриш ва уларни Elink рақамли тизимига улаш орқали марказий бошқарувни йўлга қўйиш, сервис хизматларини ташкил этиш бўйича музокаралар олиб борилди.
Шундан сўнг, 50 дан ортиқ мамлакатда фаолият юритаётган Шўрланиш шароитида биодеҳқончилик халқаро маркази (ICBA) раҳбарияти билан учрашув ўтказилди.
Унда марказнинг сув тежовчи технологиялар, шўрланган ерларни тиклаш, агротехник инновациялар, рақамлаштирилган деҳқончилик ва иссиқхона ечимлари соҳасидаги ишлари ҳамда генетик тадқиқотлар, ёш мутахассислар тайёрлаш каби фаолият йўналишлари бўйича фикр алмашилди.
Шунингдек, ICBA билан ҳамкорликда Қорақалпоғистонда қўшма илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш, шу билан бирга, шўрланишга қарши курашиш бўйича халқаро грантларни жалб қилиш имкониятлари кенг муҳокама қилинди.
Ташриф давомида Олий Кенгаш Раиси бошчилигидаги Қорақалпоғистон делегацияси Envirol компанияси вакиллари билан ҳам учрашди.
Унда компаниянинг чиқиндиларни қайта ишлаш, рақамли технологияларни жорий этиш ва бошқа йўналишлардаги тажрибасига эътибор қаратилиб, Қорақалпоғистонда давлат-хусусий шериклик асосида канализация тизимларини модернизация қилиш, саноат лойиҳалари устида ҳамкорлик қилиш бўйича фикр алмашилди.

Учрашувлар давомида Қорақалпоғистон делегацияси ва халқаро ҳамкорлар ўртасида, шу жумладан БААнинг Bell Engineering Software Technologists ва FAMESA Chemical FZE (Owned by CADEX Group), Bell Engineering Software Technologists ва Amsterdam Clinic, Bell Engineering Software Technologists ва PetroSole Oil Field Services компаниялари билан умумий қиймати 660 млн. доллар бўлган келишувларга имзо чекиш маросими ўтказилди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев бошчилигидаги Қорақалпоғистон делегацияси Рас-ал-Хайма Амири Шайх Сауд бин Сакр Ал Қосимий билан учрашди.
Унда Қорақалпоғистоннинг янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш борасидаги ва иқтисодий салоҳияти, ўзига хос географик жойлашуви, туризм, қишлоқ хўжалиги ва саноат соҳасидаги имкониятлари қайд этилди. Ўзбекистон, жумладан, Қорақалпоғистоннинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига алоҳида қизиқиш билдирилиб, Қорақалпоғистонда ушбу маҳсулотларни етиштириш ва етказиб бериш бўйича доимий ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
Шундан сўнг, дунё бўйича йирик керамика ва сантехника маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилардан бири ҳисобланган RAK Ceramics компанияси раҳбарияти билан учрашув ўтказилди.
Дастлаб компания павильонида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар – керамик плиткалар, санфаянс, мозаика, интерьер ва экстерер учун ечимлар, хомашёдан тайёр маҳсулотларгача бўлган тўлиқ тижорат линияси кўриб чиқилди. Шунингдек, маҳаллийлаштирилган керамик маҳсулотлар ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Ташриф доирасида «ASR RENT A CAR» компанияси вакиллари билан учрашув ўтказилиб, биргаликда лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Компания вакиллари билан Қорақалпоғистон Республикасида 43 млн. долларлик инвестиция маблағлари асосида Моноблоклар ишлаб чиқариш лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди ва шартнома имзоланди.
Умуман очиқ ва конструктив руҳда ўтказилган учрашувларда томонлар ўзаро ҳамкорлик, имкониятлардан самарали фойдаланиб, муҳим лойиҳалар устида шериклик муносабатларини ўрнатиш бўйича келишиб олдилар. 20 га яқин хорижий компаниялар билан 100 млн. долларлик экспорт бўйича шартномаларни имзолаш бўйича келишувларга эришилди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги