«Сўнгги қўнғироқ» катта ҳаётга чорлайди

206

2024-2025 ўқув йили якунида Қорақалпоғистон Республикасида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига қарашли 726 та мактаб, Президент мактаби, И.Юсупов номидаги ижод мактаби ва 18 та ихтисослаштирилган мактабларни 25 798 нафар ўқувчи тамомламоқда. Улар орасида 537 нафар битирувчи «Олтин,» 179 нафар битирувчи «Кумуш» медалга тавсия этилгани – мактаб таълими тизимидаги фидойи устозларимиз меҳнатининг самарасидир.

«Илм – энг улуғ шараф» шиори остида ўтказилаётган маданий тадбирларнинг давоми «BITIRUVCHI PARTY» номи билан Нукус шаҳридаги Дўстлик канали бўйида бўлиб ўтди.

Ёшлар майдончасида ўтказилган байрам кечасида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев иштирок этди ва битирувчи ёшларни ҳаётидаги энг унутилмас кун ҳисобланган «Сўнгги қўнғироқ» кечаси билан самимий табриклаб, уларни келажакда элимиз учун фидокорона хизмат қиладиган чуқур билимли, фидойи инсонлар бўлиб етишишига тилакдошлик билдирди.

Тадбирда республикамиз раҳбари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича бир қатор қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинганлиги, айниқса, Президентимиз томонидан қабул қилинган 213-сонли тарихий фармон билан қорақалпоғистонлик ёшларга қаратилаётган алоҳида эътибор натижасида ҳар йили қўшимча квоталар ажратилаётгани кўнгилларга алоҳида фахр туйғуларини бағишлаётгани таъкидланди.

Битирув кечаси кўтаринки руҳда концерт дастури билан давом этиб, ёшларимиз чексиз қувончга бурканди.








Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси