Кўнгилларга қувонч бағишлаган «Сўнгги қўнғироқлар»

414

Бугун юртимизнинг барча ҳудудларида «Сўнгги қўнғироқ» садоси янграб, битирувчи ёшлар она-мактаблари, меҳрибон устозлари билан хайрлашмоқда.  Бу кун – билим оламига илк қадам қўйган бошланғич синф ўқувчилари учун янги босқичнинг бошланиши, 11-синф битирувчилари учун эса катта ҳаётга олиб чиқувчи эшикдир.

Жумладан, 2024-2025 ўқув йили якунида Қорақалпоғистон Республикасида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига қарашли 726 та мактаб, Президент мактаби, И.Юсупов номидаги ижод мактаби ва 18 та ихтисослаштирилган мактабларни 25 798 нафар ўқувчи тамомламоқда. Улар орасида 537 нафар битирувчи «Олтин» медаль, 179 нафар битирувчи эса «Кумуш» медалга тавсия этилгани – халқ таълими тизимидаги фидойи устозларимиз меҳнатининг самарасидир.

Нукус шаҳридаги 1-сонли мактабда «Илм – энг улуғ шараф» шиори остида сўнгги қўнғироқ тадбири бўлиб ўтди.

Тантанали тадбирга Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг ўринбосари Рустам Сапарбаев иштирок этди ва иштирокчиларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг битирувчи ўғил-қизларга йўллаган табригини ўқиб эшиттирди ҳамда мактаб битирувчиларини табриклади.

Ўтказилган тадбирда Президентимиз томонидан мамлакатимиз келажаги бўлган ёшларга қаратилаётган эътибор ва имкониятлар таъкидланиб, ушбу имкониятлар асосида кўплаб ёшлар ўз истеъдод ва қобилиятларини рўёбга чиқараётгани ва кўплаб ютуқларга эришиб келаётгани ҳақида сўз юритилди.

Шундан сўнг ўз тенгдошлари орасида алоҳида қобилияти, билими ва намунали хулқи билан ажралиб турган ўқувчилар, уларнинг ота-оналари ва таълим берган устозларига миннатдорлик билдирилди.

– Жорий йилда республикамизда жойлашган мактаблардан 46 нафар битирувчи талаба бўлиш бахтига муяссар бўлди, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазири Гулистан Қожабаева.

Тадбир байрам тантанаси билан давом этди.

 

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги