Тўрткўллик ўқувчилар ғолиблар сафида

317

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг Тошкент Темурбеклар мактабида Миллий гвардия, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши ташаббуси билан «Ёш гвардиячи» ҳарбий-спорт мусобақаси бўлиб ўтди.

Мусобақада мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан 16 та жамоа иштирок этиб, уч кун давомида 10 та шарт бўйича ўзаро беллашди ва республикамиз номидан қатнашган Тўрткўл туманидаги 18-сонли мактаб жамоаси фахрли иккинчи ўринни қўлга киритишга муваффақ бўлди.

Иштирокчиларни бир мақсад йўлида бирлаштирган ушбу ҳарбий-спорт мусобақасида Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳридан келган 11-сонли мактаб жамоаси биринчи, Тошкент шаҳри Чилонзор туманидаги 168-сонли мактаб жамоаси учинчи ўринни эгаллашга муваффақ бўлди.

Мусобақада ғолиб бўлган жамоаларни тақдирлашга бағишланган тантанали маросимга,

Миллий гвардия қўмондони генерал-майор Р.Жўраев, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Ф.Бакиев, Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги директори А.Садуллаев ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши раиси Х.Саттаровлар иштирок этиб, ўқувчиларни ушбу тадбирдаги муваффақиятли иштироки учун табриклаб, ғолибларга диплом, медаль ва қимматбаҳо совғаларни топширди ҳамда турли номинациялар бўйича ҳам жамоа сардорлари муносиб рағбатлантирилди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги