Хитойнинг Чжэцзян провинцияси мамлакат шарқида жойлашган бой ҳудуд ҳисобланади. Бу ерда қишлоқ хўжалиги ва саноат кенг тараққий этган. Кейинги йилларда провинция ишбилармонлари томонидан Ўзбекистонга бир қанча ташрифлар амалга оширилиб, иқтисодий алоқаларни кенгайтириш борасида ҳам қатор амалий ишлар олиб борилмоқда.

“Ўзэкспомарказ” павильонларида 21-23 май кунлари бўлиб ўтаётган Чжэцзян кўргазмасидан мақсад ана шу алоқаларни янада кенгайтириш ва янги босқичга олиб чиқишдан иборатдир. Унда Хитойнинг энг йирик компания ва брендларининг халқ хўжалигининг турли тармоқларига оид стендлари ўрин олган. Электротехника жиҳозлари, саноат, тўқимачилик, маиший техникалар, озиқ-овқат, ёғоч буюмлари ва кундалик уй-рўзғорга ишлатиладиган  жиҳозларнинг кенг ассортименти намойиш этилмоқда.

Муҳими компанияларнинг кўпчилиги илк бор Ўзбекистон

бозорида ўз маҳсулотларини тақдим этмоқда. Бу эса юртимиз ишбилармон доира вакиллари учун ишлаб чиқарувчилардан тўғридан-тўғри товарларни харид қилиш, мамлакатимизга инвесторларни жалб қилиш, савдо шерикларни топиш борасида яна бир имкониятдир.

Кўргазма доирасида йирик Хитой компаниялари вакиллари иштирокида тақдимотлар, В2В форматидаги учрашувлар, шартномалар имзолаш маросимлари бўлиб ўтади.

Санжар Тошпўлатов, Аброр Содиқов, Анвар Аҳмедов (видео), ЎзА