Тасаввур қилинг… Осмондаги юлдузлар орасида шундай сирли, ғайритабиий объектлар борки, улар нафақат ёруғликни, балки мажозий маънода ҳақиқатнинг ўзини ҳам ютиб юборади. Бу – Қора туйнук. Улар сир-синоатлар билан тўла, физик қонунлар бу ерда маъносиздек кўринади. Аммо энг ҳайратланарлиси… баъзи олимлар уларнинг параллел оламларга эшик бўлиши мумкинлигини айтишмоқда.Бу видео сизни ўйлашга, ҳайратга тушишга ва эҳтимол… борлиғимизга янги нигоҳ билан қарашга мажбур қилади. Ассалому алайкум, сизлар билан Сирли олам кўрсатувининг навбатдаги сони, бугун қора туйнуклар сири ҳақида гаплашамиз.
1935-йил. Альберт Эйнштейн ва Натҳан Розен қора туйнукларнинг ичида «Эйнштейн – Розен кўприклари», яъни фазовий туннеллар мавжуд бўлиши мумкинлигини айтади. Уларнинг назариясига кўра, бу кўприклар икки оламни боғловчи йўллардир. Аммо бу фақат назария эди… ёки шундай деб ўйлаймиз. Бугунги кунда Жеймес Вебб телескопи, симуляциялар ва квант физикаси орқали олимлар янги гипотезаларни илгари сурмоқда. Энг қизиғи – Никодем Поплавский исмли физикка кўра, қора туйнуклар оддийгина сўрувчи объект эмас. Уларнинг ичида янги оламлар туғилиши мумкин. Ҳар бир қора туйнук — янги коинотнинг бошланишидир.
Тасаввур қилинг: сиз осмонда қора нуқтага яқинлашасиз… ва у орқали бутунлай бошқа, нотаниш ҳақиқатга тушиб қоласиз. Вақт бошқача ўтади, физика қонунлари ишламайди. Эҳтимол, у ердаги сиз… сиз эмасдир? Стивен Ҳокинг эса буни янада чуқурлаштириб: “Қора туйнуклар орқали ахборот бошқа оламга ўтиши мумкин,” — дейди. У буни шунчаки назария деб эмас, балки аниқ математик асослар билан тушунтириб берган. Унга кўра, қора туйнуклар нафақат ўлик юлдузлар қолдиғи, балки кўп оламлар назариясининг эшиги ҳам бўлиши мумкин.
2025-йилда Жеймес Вебб телескопи галактикларнинг айланиш йўналишини ўрганганида, натижа кутилмаган эди: галактикларнинг катта қисми соат йўналишида айланмоқда. Бу тасодифми? Ёки биз ўзимиз ҳам катта қора туйнук ичидамизми? Шундай бўлса-чи? Агар ҳар бир қора туйнук — бошқа олам учун туғилиш бўлса… биз яшаётган бу олам ҳам бошқа бир ҳақиқатнинг ички қисмидирми?
Қора туйнуклар – нафақат илмий жумбоқ, балки инсон тафаккурининг чегараларига қўйилган саволдир. Биз ҳали кўп нарсани билмаймиз. Аммо битта ҳақиқат бор: уларга қараган сари, ўзимизни чуқурроқ тушунишни бошлаймиз. Хулоса қилиб айтганда, Қора туйнуклар орқали параллел оламларга ўтиш ҳозирча илмий фантастикага яқин назарий фикр. Бу фикрга илмий асослар мавжуд, лекин исботловчи ҳеч қандай реал далил йўқ. Олимлар бу борада эҳтиёткорлик билан ёндашмоқда, аммо изланишлар давом этмоқда. Янги телескоплар, симуляциялар ва квант-гравитация назариялари орқали келажакда бу саволга аниқроқ жавоб бериш мумкин бўлади. Ҳозирча аниқ жавоб — олимлар биздан ҳеч нарса яширмаган, шунчаки, қора туйнуклар ҳақида аниқ далил мавжуд эмас.
Унутманг, коинот чексиз, аммо онгимиз ундан ҳам кенгроқ.
Ирода Жўраева, Аброр Содиқов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА