Урганч давлат университетида «Талабалар лигаси» спорт мусобақаларининг миллий кураш бўйича республика финал босқичи бўлиб ўтди.
Мусобақада мамлакатимизнинг барча ҳудудларида жойлашган олий ўқув юртларининг талабалари иштирок этиб, унда республикамиз ёшлари бир неча фахрли ўринларни эгаллашга муваффақ бўлди.
Хусусан, эркаклар ўртасида 60 кг вазнда Шердарбек Аманов барча рақибларини енгиб чиқиб, олтин медални қўлга киритган бўлса, Арисланбек Муродов бронза медалига сазовор бўлди.
Қизлар ўртасида эса, 87 кг ва +87 кг вазнда иштирок этган полвонларимиздан Махбуба Убайдуллаева ва Тумарис Хабиповаларга тенг келадиган рақиб топилмади ва улар ушбу мусобақа ғолибига айланди.
70 ва 78 кг вазн тоифаларида қуръа ташлаган Дилдора Қутибоева ва Назбиби Дўйсенбоеваларга бронза медали насиб этди.
Шу тариқа, мусобақа якунида қорақалпоғистонлик полвонлар 3 олтин ва 3 бронза медалини қўлга киритишга муваффақ бўлди.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси