Парижда дунё курашчилари Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун беллашади

Европа кураш конфедерацияси, Франция кураш федерацияси ва Ўзбекистон кураш федерациялари ҳамкорлигида жорий йилнинг 21-23 июль кунлари Франция пойтахти Париж шаҳрида кураш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун халқаро турнир бўлиб ўтади.
—Ўтган йил ёзги Олимпия ўйинларига мезбонлик қилган Париж бу сафар кураш бўйича дунёнинг энг кучли спортчиларини жамлайди. Нуфузли турнирни юқори савияда ташкил этиш борасида кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Турнир давомида Париж шаҳрида Ўзбекистон маданиятини тарғиб этадиган кўнгилочар маданий тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган, — дейди Ўзбекистон кураш федерацияси раиси ўринбосари Уйғун Умаров.
Давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Кураш миллий спорт турини ривожлантириш ва унинг халқаро нуфузини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор ижросини таъминлаш мақсадида анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётган ушбу очиқ халқаро турнирда эркаклар -90, +90 кг, аёллар -70, +70 кг вазн тоифаларида ғолиблик учун кураш олиб боради. Халқаро турнир Париж шаҳрининг “Emil Anthoine Stadium” спорт мажмуасида бўлиб ўтади.
Халқаро турнирнинг мукофот жамғармаси 30 минг евродан иборат бўлиб, курашчиларнинг эришган натижалари Халқаро кураш ассоциацияси рейтинг тизимида қайд этилади.
Т.Рўзиев,
ЎзА