Ёш тадбиркорларга ўқув- семинари ташкил этилди

Бугун ЎзЛиДеП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ташаббуси билан Нукус Инновацион технологиялар университетида «Ёш тадбиркорга ЎзЛиДеП яқин кўмакчи» лойиҳаси асосида «Креатив иқтисодиёт» қобилиятини бизнесга айлантириш асосида ўқув -семинари ташкил этилди.
Семинарда «Дўстлик» ордени соҳибаси ҳунарманд Бийбисара Қунназарова ёшларга ўз ҳунарини ривожлантириш орқали уни самарали бизнесга айлантириш ҳақида ўз тажрибаси асосида йўл-йўриқлар кўрсатиб, миллийлигимиз рамзи бўлган Қора уй боғичларини тўқиш йўллари ва усуллари бўйича ёш тадбиркорларга маҳорат дарси ўтди. Ҳунар ўрганишга қизиқиши бўлган ёшларни шогирдликка бепул қабул қилишини ҳам билдирди.

Семинар давомида ЎзЛиДеП Хўжайли тумани Кенгаши аппарат бошлиғи Айдос Тлепбергенов партия томонидан ёш тадбиркорлар билан биргаликда ўтказилаётган амалий ишлар ҳақида маълумотлар бериб ўтди.
Шунингдек, учрашувда туман солиқ бошқармаси ходимлари иштирокида Президентимизнинг жорий йил 19 мартдаги «Кичик ва ўрта бизнеснинг иқтисодиётдаги ўрнини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан тадбиркорлар учун яратилган имтиёзлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Фармонга асосан, кичик ва ўрта бизнес субъектларининг йириклашувини рағбатлантириш мақсадида 2025 йил 1 майдан бошлаб ўзини ўзи банд қилган шахслар якка тартибдаги тадбиркор ёки юридик шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтказилганда, давлат божи ундирилмайди. Ўз фаолиятини тегишлича ўрта ёки йирик бизнес тоифасигача йириклаштирган тадбиркорлик субъектларига бир йил давомида қўшилган қиймат солиғи суммасини қоплаш (қайтариш) етти кун муддатда тезлаштирилган тартибда амалга оширилиши ҳақида маълумотлар берилди.
Шунингдек, 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб сўнгги уч йилда товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган жами даромади 10 миллиард сўмдан ошмаган, бюджет ва кредиторлар олдида қарздорлиги бўлмаган ва мунтазам равишда солиқ ҳисоботларини тақдим этаётган, «Хавфни таҳлил қилиш» электрон тизимида ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи паст даражада тоифаланган кичик ва ўрта бизнес субъектлари фаолиятини ихтиёрий равишда тугатишда солиқ текшируви ўтказилмаслиги қайд этилди.
Учрашув давомида ёш тадбиркорларга фармон асосида ажратиладиган кредитлар ва яратилган қўшимча имкониятлар ҳақида ҳам батафсил маълумот берилди. Ёшларнинг саволларига мутахассислар томонидан жавоблар берилди.
Тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган 20 га яқин ёшларнинг лойиҳалари тингланиб, тегишли маълумот берилди ва йўл-йўриқлар кўрсатилди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги