Оналар яратган боғларда табиатсевар фарзандлар вояга етади

354

Муносабат

Мамлакатимизда ёш авлоднинг дунёга келиши ва жисмонан соғлом ривожланиши учун барча зарур шароитлар яратилмоқда. Соғлом турмуш тарзини шакллантиришни тоза атроф-муҳитсиз бир томонлама тасаввур қила олмаймиз. Соғлом турмуш тарзи ва атроф табиий муҳит бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. Табиий муҳитнинг тозалиги ва мусаффолиги болаларнинг соғлом ва баркамол инсон бўлиб вояга етишининг асосий омилларидан ҳисобланади.

Шунинг учун ҳам Президентимизнинг жорий йил 15 майдаги «2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори ижроси фақат ҳукумат ёки мутасадди идоралар зиммасига юклатилган эмас. Бу қарорни амалга оширишда, айниқса, биз хотин-қизларнинг, оналарнинг ўрни жуда муҳим. Шу маънода юртимиздаги ҳар бир она, аёл, опа-сингил, фарзандларимиз учун, яшил ва соғлом ҳаёт учун экологик маданиятни умуммиллий қадриятга айлантиришга киришишимиз, шу йўл билан келажак авлодларга барқарор, хавфсиз ва фаровон ҳаёт қуришни бугундан бошлашимиз зарурлигини даврнинг ўзи тақозо этмоқда.

Аёл ва табиат – иккови ҳам гўзаллик тимсоли. Икковида ҳам меҳр деб аталувчи илоҳий туйғу бор. Аёл – она, табиат ҳам онага ўхшайди. Аёл фарзандларини бағрида парваришлаб вояга етказса, табиат қўйнида гул ва гиёҳларни, жонзотларни, биз инсонларни эркалаб ўстиради, асрайди, ичиради.

Шунинг учун ҳам, оналар боғ яратган жойларда, «Оила боғи» қад ростлаган манзилгоҳларда фарзандлар ҳам, албатта, она табиатга меҳрли бўлади, уларда экологик маданият ўсади, экологик қадриятлар эъзозланади, табиатни асраб-авайлашга интилиш, ташаббускорлик, меҳнатсеварлик кўникмалари шаклланади. Табиийки, улар тарбиялаган фарзандларда ҳам бу тушунчалар шаклланиб боради. Сабаби, олма дарахтининг остига олма тушади. Болалар бизнинг қилаётган ишларимиздан ўрнак олади.

Шунинг учун ҳам аёллар, оналар экологияни асраш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш каби ислоҳотларда фаол иштирок этиши зарур. Бу нафақат дарахт, гул экиш, боғлар яратиш, балки экологиянинг барча йўналишлари, жумладан, сув ва бошқа ресурсларни тежаш маданиятини сингдириш, хавфсиз озиқ-овқатдан фойдаланиш, иқлим ўзгариши, ҳаво сифатини яхшилаш ва Орол денгизининг қуриши оқибатларига қарши курашиш, инфратузилмани яхшилаш, чиқиндиларни камайтириш ёки чиқиндини ташлаш, танлаш маданиятини сингдириш бўйича илғор тажрибаларни илгари суришдан иборат.

Кўриниб турганидек, оилаларда экологик маданиятни юксалтириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатни асраш соҳасидаги интеллектуал ва илмий салоҳиятдан тўлиқ фойдаланиш даражасини кўтариш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш муҳим аҳамиятга эга. Бунда миллат тарбиячилари бўлган оналарнинг ҳар томонлама билимли бўлиши, табиатга бўлган муҳаббати, уларнинг экологик билим ва маданият даражаси ғоят муҳим роль ўйнайди. Чунки, халқимиз билиб «Қуш уясида кўрганини қилади» дейди. Чиқиндини ярим йўлга сочиб кетадиган онанинг боласи чиқиндидан худди шу усулда қутулади. Чунки у бошқа йўли борлигини билмайди. Болаларимиз бизнинг қилганимизни кўпроқ қилади, айтганимизни емайди.

Экологик муаммо тараққиёт, хавфсизлик, аҳоли ҳаёти ва бевосита одамлар умрининг давомийлигига таъсир кўрсатиб, айниқса аҳолининг энг ёш қисми бўлган болалар ҳаётига катта хавф туғдиради. Сир эмас, ифлосланган, заҳарланган муҳит биринчи навбатда ҳали ёш, энди ривожланиб шаклланаётган организмга катта таъсир кўрсатади, унинг физиологик ва руҳий ривожланиш ҳолатига ҳам таъсир кўрсатмай қолмайди.

Асрлар давомида шаклланиб келган бой миллий маънавий қадриятларимиз ва меросимиз шундан далолат берадики, аждодларимиз Она заминга алоҳида муносабатда бўлиб, сув, тупроқ, ҳавони эъзозлаган. Табиат бойликлари ва унинг неъматларини асраб-авайлаб, улардан тежаб-тергаб фойдаланган.

Шунинг учун ҳам кўпроқ оналар болаларга табиат инъом этган ер ва сувни асраб-авайлаш, тупроқ ва ҳавони ифлослантирмаслик, ўсимлик-яшил дунёни асраш ҳақидаги даъватларни мунтазам равишда сингдиришлари ва уларни ҳаёт мезонига айлантиришлари талаб этилади. Болаларимизга, юртимиз учун тобора қадрли бўлиб бораётган ичимлик сувидан тежаб-тергаб фойдаланиш маданиятини шакллантириш ғоят муҳим масаладир.

Ер ва сув эса умуммиллий бойлик ҳисобланиб, халқ фаровонлигининг асосий манбаидир. Шу билан бирга, инсон саломатлиги ҳам миллат бойлиги ҳисобланади. Демак, тоза ичимлик суви ҳар бир оиланинг соғлом турмуш кечириши учун муҳим шарт ҳисобланади. Бугунги авлод ўсиб-улғайиб, инсонлар ҳаёти ва атроф-муҳитни асраб-авайлаш ҳақида қатъий қарорлар қабул қилиши керак бўлади. Ота-оналар, катталар томонидан оилада болаларга бошланғич экологик маданият дарслари берилади. Табиатда рўй бераётган ҳодиса ва ўзгаришларнинг ҳар бир инсон саломатлигига, руҳиятига, кайфиятига бевосита таъсирини ота-оналар ўз фарзандларига сидқидилдан тушунтирса, бу ўгитлар бола қалбида муҳрланиб, нарсаларни, ҳодисаларни билишга интилиши ортади.

Табиатга яқинлик, она заминга муҳаббат, жонажон ўлканинг гўзалликларидан баҳраманд бўлиш болаларни маънавий-маърифий жиҳатдан бойитиб нозик дидни шакллантирди ва муқаддас замин ўз она юртининг фаровонлиги ва табиатининг мусаффолиги ҳақида қайғуришни ўзларининг бурч ва масъулиятини қалблари билан ҳис этадилар. Табиатни асраш, унинг бойликларини авайлаб-асраш ва ундан оқилона фойдаланишни даврнинг ўзи тақозо этиб, барчамизни табиатга янада эътиборли ва масъулиятли бўлишга ундамоқда.

Фарзандларимизнинг бўш вақтларида бевосита табиат қўйнида, ҳайвонот ва наботот оламининг ранг-баранглигини англаши, ранг-баранг гўзалликларидан завқланиши учун имкон қадар биргаликда табиат қўйнига саёҳатлар ташкил этиш ҳам кўпроқ хотин-қизлар зиммасида. Биз аёллар фарзандларимизнинг баркамол инсон бўлиб вояга етиши ва уларнинг ўз она заминини нечоғli асраб-авайлашга қодир бўлишига масъулмиз.

Айдангул Абдрахмонова,

Ўзбекистон Экологик партияси Қорақалпоғистон Республикаси

партия ташкилоти Кенгаши, Экология ва саломатлик аёллар клуби Кенгашининг раиси.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги