Мақсад – ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликни қарор топтириш

333

15 май – Халқаро оила куни муносабати билан Амударё туманида кенг нишонланган байрам тадбири кўтаринки руҳда ўтди. Туман маданият бўлимида ташкил этилган тантанали маросимда «Янги Ўзбекистоннинг ибратли оиласи» республика танловининг Қорақалпоғистон босқичи ғолиблари аниқланди.

Мазкур танловда муваффақиятли иштирок этган Амударё туманидаги 11 та оила «Янги Ўзбекистоннинг ибратли оиласи» унвонига сазовор бўлиб, улар тантанали равишда тақдирланди. Ғолиб оилаларга эсдалик совғалари ва махсус кўкрак нишонлари топширилди, – дейилади Амударё тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати хабарида.

Тадбирда туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Ф.Юсупов сўзга чиқиб, мамлакатимизда оиланинг жамиятдаги ўрнини ошириш, оила институтини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, аҳил турмуш тарзини шакллантириш, оила мустаҳкамлигини таъминлаш йўналишида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида сўзлаб берди.

Шунингдек, оилавий қадриятлар, ўзаро ҳурмат, ҳамжиҳатлик ва тинчлик тамойилларини қарор топтириш муҳимлиги таъкидланди.

Байрамона руҳда ўтган тадбир давомида маҳаллий санъат усталари томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар йиғилганларга катта қувонч бағишлади ва тадбирга ўзгача файз бағишлади.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги