Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон ёзги сув-энергетика иш тизимини келишиб олди

Тошкентда бўлиб ўтган Халқаро энергетика форуми доирасида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон энергетика ва сув ресурслари соҳалари вазирлари учрашуви бўлиб ўтди.
Музокарада Сирдарё ҳавзасида сув ва энергетика ресурсларини бошқариш бўйича келгуси вегетация даврига мўлжалланган ҳамкорлик чоралари муҳокама қилинди.
Мулоқот якунида гидроэнергетика иншоотларининг ишлаш тартиби, оби ҳаёт тақсимоти ҳажми ва минтақадаги сув ресурсларидан барқарор фойдаланиш бўйича келишилган чоралар акс этган расмий протокол имзоланди. Томонлар бундай битимлар ўзгарувчан гидрологик шароитда, сув ва энергияга эҳтиёж ортиб бораётган бир пайтда долзарб ҳаётий аҳамият касб этишини тасдиқладилар.
Учрашувда Қамбарота ГЭС-1 қурилиши бўйича маслаҳатлашув ҳолати ҳам таҳлил қилинди. Мазкур ташаббус Марказий Осиёда барқарор сув-энергетика мувозанатини таъминлашнинг муҳим омили сифатида эътироф этилган. Уч қардош давлат ушбу лойиҳани ишчи тартибда муҳокама қилмоқда.
Бундан ташқари форум иштирокчилари минтақадаги энергия етказиб бериш йўлларини диверсификация қилиш орқали экспорт салоҳиятини кенгайтиришга қаратилган Ўзбекистон, Қозоғистон ва Озарбайжон томонидан биргаликда ишлаб чиқилаётган Каспий энергетика йўлагини ривожлантиришга нисбатан қизиқиш юқорилигини ҳам маъқулладилар.
М.Сайфуллаев, ЎзА