Ибратли оилалар жамиятимиз таянчи

190

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида 15 май – Халқаро оила куни муносабати билан байрам тантанаси ўтказилди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев сўзга чиқиб, йиғилганларни табриклади.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида оиланинг жамият ҳаётидаги ўрнини ошириш, уни ижтимоий, иқтисодий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, оилаларда ўзаро ҳамжиҳатлик, тинчлик, тотувлик муҳитини янада кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Дарҳақиқат, халқимиз азалдан оилани Ватан ичидаги Ватан, жамиятимизнинг асосий бўғини, миллий қадриятларимизни ўзида мужассам этган муқаддас даргоҳ сифатида алоҳида қадрлаб ва эъзозлаб келган. Чунки, барча эзгу ишлар оиладан бошланиб, ундан маҳаллага ва жамиятга кириб боради.

Тантанали байрам тадбирида шаҳар ва туманлардаги намунали оила эгаларига «Ибратли оила» кўкрак нишонлари топширилди.

Шунингдек, «Янги Ўзбекистоннинг ибратли оиласи» кўрик-танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи ғолиблари муносиб тақдирланди.









Хусусан, ўтказилган танлов якунида, Тахтакўпир тумани Мустақиллик маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Жанабай Исмамутов ва Тамара Қидирбаевалар оиласи биринчи ўринни эгаллашга муваффақ бўлди.

Қонликўл тумани Наврўз маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси Табинбой Уббиниязов ва Гулбаҳор Ширазовалар оиласи иккинчи, Элликқалъа тумани Гулистон аҳоли пунктидан Серик Бекишов ва Женисгул Муратовалар оиласи фахрли учинчи ўринларга муносиб деб топилди.

Шундан сўнг санъат ва маданият ходимлари ижросидаги концерт дастури йиғилганлар эътиборига ҳавола этилди.

Байрам тадбирлари «Дўстлик» канали бўйида театрлаштирилган мусиқий саҳналик кўринишлари билан давом этди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги