Спортчи оилалар ўзаро беллашди

Нукус шаҳрида 15 май – Халқаро оила куни муносабати билан Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси ва Қорақалпоғистон Республикаси Спорт вазирлиги ҳамкорлигида «Соғлом оила учун бирлашайлик!» шиори остида оилавий спорт мусобақаси ўтказилди.
Мусобақанинг очилиш маросимида Ўзбекистон «Адолат» СДП раиси Р.Маҳмудова, Қорақалпоғистон Республикаси Спорт вазири Э.Қутибоев сўзга чиқиб, сўнгги йилларда мамлакатимизда Президентимиз раҳбарлигида оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида қилинаётган чора-тадбирларни айтиб ўтди ва иштирокчиларга омад тилади.
Мусобақада республикамизнинг барча ҳудудларидан спортчи оилалар иштирок этиб, улар белгиланган шартлар бўйича ўзаро беллашди.






Қизғин беллашувларга бой бўлган мусобақа якунида, Нукус шаҳридаги Шиғис маҳалла фуқаролар йиғинидан Ҳайдаровлар оиласи биринчи ўринни эгаллашга муваффақ бўлди.
Фахрий иккинчи ва учинчи ўринлар эса Баркамол авлод маҳалла фуқаролар йиғинидан қатнашган Примбетов ва Гоне қала элатидан Пардахановларнинг оилаларига насиб этди.
Ўтказилган мусобақа якунида, ғолиблар ташкилотчилар томонидан тайёрланган махсус диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

– Мусобақа жуда қизиқарли ўтди ва унда биз оила аъзоларимиз билан биргаликда ғолибликни қўлга киритишга муваффақ бўлдик,-дейди Рустам Ҳайдаров.-Фурсатдан фойдаланиб, ушбу мусобақани ташкил этган ташкилотчиларга катта раҳмат айтаман. Келажакда бундай мусобақалар тез-тез ўтказиб турилса, спортчи оилалар сони бундан ҳам кўп бўлади, деб ўйлайман.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси