Коррупция – ёшлар келажагига таҳдид солувчи иллат

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида «Коррупция – ёшлар келажагига таҳдид солувчи иллат» мавзусида тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳузуридаги Коррупцияга қарши курашиш бўлими бошлиғи Б.Матмуратов, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирининг биринчи ўринбосари А.Пренов, Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли тумани судининг раиси С.Давлетмуратов, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бўлим бошлиғи Р.Садиков, Қорақалпоғистон Республикаси Прокуратураси бўлим катта прокурори Н.Юлдашов, шунингдек, университетнинг барча факультетлари деканлари, профессор-ўқитувчилар ва талаба-ёшлари иштирок этди.
Тадбирни университет ректори, академик А.Реймов очди ва олиб борди.



У ўз нутқида шу йилнинг 5 март куни Ҳурматли Президентимиз раҳбарлигида бўлиб ўтган, коррупциянинг олдини олиш бўйича ишларнинг самарадорлиги ва галдаги устувор вазифаларга бағишланган кенгайтирилган йиғилишда илгари сурилган топшириқларга атрофлича тўхталиб ўтди. Шунингдек, коррупция нафақат иқтисодий тараққиётга, балки жамиятда адолат тамойилларининг бузилишига, аҳолининг қонунларга бўлган ишончи пасайишига ва энг ачинарлиси, ёш авлод онгида қонунларга ҳурматсизлик тушунчаси шаклланишига олиб келиши мумкинлигини таъкидлади.
Тадбирда сўзга чиққанлар, коррупция – мамлакатимиз тараққиётига катта тўсиқ эканлиги, коррупция ҳар қандай давлат ва жамиятнинг сиёсий-иқтисодий ривожланишига катта зарар етказиши, давлатнинг Конституциявий асослари ва қонун устуворлиги, шу билан бирга инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари таъминланмаслигига олиб келиши, шу сабабли мамлакатимизда коррупцияга қарши курашишнинг аниқ тизими яратилганлиги, бу бўйича бир қатор қонунлар, Президент қарорлари қабул қилинаётганлигини айтиб ўтди. Ушбу йўналишда профилактик тарғибот тадбирлари олиб борилишига қарамасдан коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар юз бераётганлигини аниқ фактлар билан келтириб ўтди.
Маърузачилар коррупция жиноятининг тушунчаси, бу иллатнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича таклифларини билдирди. Ҳар бир ходимнинг Ватанга, ўз касбига бўлган муҳаббатини мустаҳкамлаш, турли салбий ҳаракатларнинг олдини олиш, профессор-ўқитувчилар ўзларини илм-фанни ривожлантиришга бағишлаш, ёшларни Ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда ҳуқуқий онг ва маданиятни, дунёвий, илмий ва ахлоқий даражасини ошириш ҳамда шакллантириш ҳар бир университет ходимининг вазифаси эканлиги таъкидланди.
Ўтказилган тадбир мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар, айниқса, ёшларда коррупцияга қарши иммунитетни шакллантириш, уларда Ватанпарварлик фазилатларини юксалтиришга хизмат қиладиган муҳим тадбирга айланди.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси