Миллатлараро тотувлик ўқувчи -ёшлар нигоҳида

427

Мамлакатимиз ҳудудида азалдан кўплаб миллат ва элат вакиллари аҳил-иноқ яшаб келмоқда. Халқимиз азалдан бағрикенглик, меҳмондўстлик, кечиримлилик, ўзгаларнинг урф-одат ва қадриятларини ҳурмат қилиш каби умумбашарий фазилатларни намоён этиб келган. Миллатлараро тотувлик умуминсоний қадрият бўлиб, минтақа ва давлатларнинг миллий тараққиётини белгилайди, тинчлик ва барқарорликнинг кафолати бўлиб хизмат қилади.

Бугунги кунда мамлакатимизда Президентимиз раҳбарлигида миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш, халқлар ўртасида ўзаро ҳамжиҳатликни таъминлаш, бағрикенглик ва меҳр-оқибат муҳитини янада кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилган. Миллатлараро тотувлик ҳар бир оилада ота-она тарбиясидан бошланиб, таълим муассасаларида устоз тарбияси орқали ўқувчи-ёшларга дўстлик тушунчалари шакллантирилиб борилади.

Ажиниёз номидаги НДПИ академик лицейида миллатлараро тотувлик мавзусида тадбир бўлиб ўтди. Тадбирни академик лицей директори О.Қалхоразов очиб берди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Дин ишлари бўйича бош мутахассиси Қ.Низаматов, Нукус шаҳри маънавий-маърифий маркази раҳбари Қ.Нуратдинов, Нукус шаҳри тарғибот гуруҳи аъзоси А.Далимбетова ҳамда ўқитувчилар ва ўқувчи-ёшлар иштирок этди. Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда миллатлараро тотувлик бўйича олиб борилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар ҳақида сўз юритиб, ёшларни қайси миллат бўлишидан қатъи назар ҳамжиҳатликда яшашга чақирди.




Лицей ўқитувчилари ва ўқувчи ёшлар турли миллат ва элатларнинг тили, маданияти, урф-одат ва анъаналарини асраб-авайлаш, ривожлантириш бўйича саҳна кўринишлари намойиш этиб, кўргазма ташкил этилди.

– Гуруҳимизда турли миллат вакиллари бир ота-онанинг фарзандларидек биргаликда аҳилликда таълим оляпмиз. Бугунги тадбирда ўқув муассасамиздаги миллатлараро тотувлик ўз аксини топиб, келажакда ҳам бу дўстлигимиз мустаҳкамланиб боради, – дейди лицей ўқувчиси Ш. Мақсетбаев.

Тадбир лицей ўқувчилари ижросидаги концерт дастури билан давом этди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги