Рақамли технологиялар аҳолининг мушкулини осон қилмоқда

Рақамли технологиялар бугун халқ хўжалигининг барча соҳаларига кенг жорий этилиб, халқимизнинг мушкулини осон қилишда беминнат хизмат қилмоқда. Жумладан, мамлакатимиз газ таъминотида ҳам бу борадаги ишлар жадал олиб борилмоқда.
Хусусан, тўғридан-тўғри рақамли технологияга боғланган хонадонларга ўрнатилган замонавий электрон газ ҳисоблагичларнинг бажараётган хизматини тил билан таърифлаш қийин.
– Бугунги кунга қадар республикамиздаги 287 мингдан ортиқ табиий газ истеъмолчисининг хонадонларига ақлли ҳисоблагичлар ўрнатилди, – дейди «Ҳудудгаз Қорақалпоғистон» газ таъминоти филиали бўлим бошлиғи Артиқбай Жиемуратов.- – Қувонарлиси шундаки, истеъмолчилар навбатда турмасдан табиий газ учун тўловларни онлайн амалга ошириб келмоқда. Энг асосийси истеъмолчиларда эътибор ва масъулият бўлса бўлгани. Шу ўринда республика ҳудудида 13 003 та шахсий хўжаликларнинг табиий газ таъминоти 3 босқичли тизимдан 2 босқичли тизимга ўтказилиб, мавжуд 1985 та газ тақсимлаш пунктлари демонтаж қилинганини, хўжаликлардаги эскирган газ ускуналари замонавий энергия тежовчи газ ускуналарига алмаштирилганини айтиб ўтиш ўринли бўлади.

– Жорий йилнинг ўзида 59,1 км дан ортиқ газ тармоқлари реконструкция қилиниб, 23 км ер усти газ тармоқлари тартибга келтирилди, – дейди ўз сўзини давом эттириб Артиқбай Жиемуратов.- Бу ишларни амалга оширишда 100 дан ортиқ ишчилар ва 20 га яқин махсус техникалар иштирок этди. Автоматлаштирилган маҳалла истеъмол назорати ҳисоб баланси тизимини ишга туширишдан асосий мақсад соҳада рақамли технологияни янада кенг жорий этишдир. Бунинг натижасида ҳудудларда йиллик газ йўқотишларининг олди олиниб, табиий газ бир неча баробар тежалади ва таъминот яхшиланади. Ҳозирги вақтда республикамизнинг барча ҳудудларида истеъмолчиларга табиий газни инсон бошқарувисиз рақамли технологиялар ёрдамида бир текис етказиб бериш ишлари қизғин давом этмоқда.
Адилбай Оразов, Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси