Ташқи реклама объектларини қуриш ҳуқуқи онлайн аукцион орқали сотилади

Мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг барча соҳаларига оид қонунчилик, белгиланган тартиблар йилдан-йилга такомиллаштирилмоқда.
Бундан кўзланган асосий мақсад жамиятдаги жараёнларни давр талабига мослаш, иқтисодий юксалишга эришиш, аҳоли ва тадбиркорларга қулайликлар яратишдан иборат.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 21 апрелдаги “2025 йил учун хусусийлаштириш дастури тўғрисида”ги фармони ҳам юртимизда хусусийлаштириш, давлат мулкини ижарага олиш борасидаги ишларни янада юқори босқичга кўтаришга хизмат қилади.
Олтита бўлим 21 та банддан иборат ушбу фармонга кўра, давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини камайтириш, хусусийлаштириш ва давлат мулкини ижарага олишдаги имтиёзларни кенгайтириш, тадбиркорлар учун янада қулайликлар яратиш мақсадида қатор янги тартиблар жорий этилган.
Жумладан, фармонга кўра, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 31 августдаги “Ташқи реклама ва ижтимоий ахборотнинг айланиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш доирасида эндиликда ташқи реклама ва ахборот объектлари (конструкциялари) онлайн тарзда автоматлаштирилган тизимда аукцион савдоларига чиқарилади. Бу билан ортиқча оворагарчиликларнинг олди олинади, инсон омили аралашмаган ҳолда аукцион савдолари ўтказилиши таъминланади.
Азизбек Хусанов,
“Электрон-онлайн аукционларни ташкил этиш” АЖ
Андижон вилояти ҳудудий вакили.
ЎзА