Жиноий гуруҳнинг «занжири узилди»

313

Тўрткўл туманида қалбаки усулда алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқараётган уюшган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилиб, 2 тонна қалбаки усулда тайёрланган алкоголь маҳсулотлари ва 718 литр спиртнинг муомалага чиқарилишининг олди олинди.

Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси Божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими, ДХХ, Миллий гвардия ва ИИВ ходимлари билан ҳамкорликда қалбаки алкоголь маҳсулотларининг ноқонуний айланмаси ва «яширин цехлар» фаолиятига чек қўйиш мақсадида тезкор тадбир ўтказилди.

Тезкор маълумотларга асосан, Тўрткўл туманида яшовчи фуқаро О.О.нинг яшаш уйи кўздан кечирилганда, 3357 та қалбаки акциз маркалари, жами 600 литр қалбаки акциз маркали ва умумий акциз маркасига эга бўлмаган 0,5 литрлик ҳажмга эга шишаларда алкоголли ичимликлар, сунъий усулда пластмасса идишга тайёрлаб қўйилган жами 125 литрлик алкоголь маҳсулотлари, 18 литр этил спирти, 1300 литрлик пластмасса идиш, 3750 капсула, 6254 ҚР коди туширилган наклейка, 1873 та стикер, 315 та бўш шиша, 2768 та пластмасса шиша қопқоқ, 4853 та темир шиша қопқоқлар ва бошқа далил бўладиган буюмлар билан қалбаки усулда алкоголь маҳсулотларини тайёрлаб ётганлиги аниқланиб, жиноий ҳаракатларига чек қўйилди.

– Тезкор тадбир давом эттирилиб, ушбу тумандаги Тозабоғжап қишлоғи ҳудудида яшовчи яна бир фуқаронинг яшаш уйи текширилганда 35-20 литрлик ҳажмли канистрларда жами 700 литр этил спиртини кейинчалик сунъий усулда ароқ маҳсулотларини тайёрловчи «яширин цехлар»га етказиб бериш мақсадида сақлаб келаётганлиги аниқланди,-дейди божхона бошқармаси ходими Б.Тажетдинов.

Тумандаги навбатдаги хонадон кўздан кечирилганда сунъий усулда алкоголь маҳсулотларини тайёрлашда қўлланиладиган ускуналар борлиги аниқланди. Оиладан 16 та рулон ва кесилган ҳолатдаги ароқларни блокировка қилишда фойдаланиладиган очиқ полиэтилен пакетлар, пластмасса идишлар, газ горелкаси, 0,2 ва 0,5 литрлик сиғимдаги жами 69 та бўш шиша, 1 та газ редуктор, 6 та воронка, 7 та бўёқ чўткалари, 10 метрлик полиэтилен шланг ва 3 та полиэтилен пакетлар ашёвий далил сифатида олинди.

Кейинги манзилда эса сунъий усулда тайёрланган алкоголь маҳсулотлари «реализация»га чиқарилар экан. Фуқаро А.А.нинг яшаш уйи кўздан кечирилганда, уйида қалбаки усулда ишлаб чиқарилган, қалбаки акциз маркалари билан маркаланган 0,45, 0,5, 0,75 ва 0,2 литрлик сиғимдаги 2622 шишада, жами 1294 литрлик ароқларни кейинчалик муомалага чиқариш мақсадида «Яма» йўли билан сақлаб қўйганлиги аниқланди.


Спирт ва алкоголь маҳсулотларининг ноқонуний айланишининг олдини олиш бўйича ўтказилган кенг қамровли тезкор тадбир давомида ҳуқуқбузарлардан жами қиймати 194 миллион сўмлик 2 тонна алкоголь маҳсулотлари, 718 литрлик спирт маҳсулотлари ва бошқа буюмлар ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.

Ушбу ҳолат бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Божхона бошқармасининг Суриштирув ва маъмурий амалиёт бўлими томонидан жиноятга алоқадор шахсларга нисбатан ЎзР ЖКнинг 176-моддаси 1-қисми, 1861-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.

А.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги