“Ибратли оила” кўкрак нишони ўз соҳибларига топширилди

Ота-онамиз биз – фарзандларни оқ ювиб, оқ тараб, емай едириб, киймай кийдириб, билим олиш учун зарур барча шароит ва имкониятларни яратиб, жамият учун, халқ учун, Ватан учун нафи тегадиган инсонлар этиб тарбиялаган энг ишончли маънавий муҳит, мустаҳкам қўрғонни ибратли оила, деб атасак арзийди. Шукрки, бугун мамлакатимизда ана шундай намунали, ҳар жиҳатдан ибрат олишга арзигулик оилалар кўп.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясида “Ибратли оила” кўкрак нишони ўз эгаларига тантанали равишда топширилди.
БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1993 йил 20 сентябрдаги Халқаро оила йили тўғрисидаги резолюцияга мувофиқ, 15 май жаҳон миқёсида Халқаро оилалар куни сифатида 1994 йилдан буён доимий тарзда нишонланмоқда.
Бугун мамлакатимизда 10 миллион 300 мингдан ортиқ оила мавжуд бўлиб, шундан 2 миллиондан кўпроғи ёш оилалардир.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида мамлакатимизда кечаётган янгиланиш жараёнларида оилаларни асраб-авайлаш, бу ибратли қадриятнинг моҳиятини ёш авлодга безавол етказиш масаласига устувор аҳамият қаратилмоқда.
Дарҳақиқат, сўнгги йилларда оила институтини ҳар томонлама мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, аёлларнинг оила ва жамиятдаги нуфузини ошириш бўйича салмоқли ишлар олиб борилмоқда. Бу борадаги давлат сиёсатини самарали амалга ошириш мақсадида энг қуйи бўғин – маҳалла ва хонадонгача кириб борадиган вертикал тизим яратилди. “Маҳалла еттилиги” фаолияти кучайтирилди, оила давлат ҳимоясида эканини намоён этувчи ижтимоий омиллар кўпайди.
Президентимизнинг «Ўзбекистон — 2030» стратегиясини «Атроф-муҳитни асраш ва «яшил иқтисодиёт» йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисидаги фармонида ҳам оила институтини мустҳкамлаш масаласига алоҳида аҳамият қаратилган.
Юртбошимиз ғояси асосида мамлакатимизда “Ибратли оила” кўкрак нишонининг таъсис этилгани дунё ҳавас қилса арзигулик қадриятларимизни тарғиб этишда муҳим омил бўлмоқда. “Ибратли оила” кўкрак нишонининг ижтимоий-маънавий ҳаётимизга кириб келгани кенг жамоатчилик томонидан қизғин кутиб олинди.
Фарзандларини ҳалол, ватанпарвар ва ўқимишли инсонлар этиб вояга етказаётган, оилавий қадриятларни сақлаш ва ривожлантиришга ҳисса қўшаётган, ҳаётий тажрибалари оммалаштиришга муносиб бўлган оилалар ҳар йили 15 май – Халқаро оила куни арафасида “Ибратли оила” кўкрак нишони билан тақдирланиши анъанага айланди. Мазкур кўкрак нишони миллий ва умумбашарий қадриятларни тарғиб этишда, фарзандларимизни муносиб инсонлар қилиб тарбиялашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шунингдек, жорий йилда давлатимиз раҳбари томонидан 2025 йил 7 март куни эзгу миллий қадриятларимизни ривожлантиришга ҳисса қўшаётган оилалар сафини кенгайтириш бўйича белгиланган вазифалар асосида кўкрак нишони билан тақдирлаш тизими янада такомиллаштирилди ва бу йил кўкрак нишонига саралаш жараёнлари янги ёндашувлар асосида ташкил этилди.
2025 йилда ҳудудий комиссиялар, вазирлик ва идоралар томонидан мазкур кўкрак нишонига 5 мингдан зиёд оила тавсия этилди ва иштирокчи оилалар сони ўтган йилга нисбатан 5,1 бараварга ортди. Натижада ўтган 2024 йили жами 208 та оилага ушбу кўкрак нишони топширилган бўлса, жорий 2025 йилда 2000 та оила “Ибратли оила” кўкрак нишонига муносиб кўрилди.
Айни кунларда мамлакатимиз тарихида иккинчи бор 15 май —Халқаро оила куни байрами арафасидаги тантанали тақдирлаш маросимларида ушбу кўкрак нишони ўз эгаларига топширилмоқда.
Низомга мувофиқ, мўътабар аёлларни улуғлаш ва эъзозлаш мақсадида кўкрак нишони, қоида тариқасида, оила бекаси бўлган аёл киши номига расмийлаштирилиб берилиши ҳам оила ва жамиятда аёлнинг нуфузи ошишига хизмат қилади.
Ушбу оилаларга “Ибратли оила” кўкрак нишони, гувоҳномаси ва пул мукофотлари топширилади, улар яшайдиган хонадонлар ва уй-жойларнинг кириш қисмига фахрли белги ўрнатилади.
Тантанали тадбирга давлат ва жамоат вакиллари, турли ташкилотлар масъуллари, сенаторлар, депутатлар, олималар, ижодкор ва санъаткорлар, шунингдек, юртимизнинг оила ва хотин-қизлар тизими ривожига муносиб ҳисса қўшаётган фаоллар, устозлар таклиф этилди.
Пойтахтимизда истиқомат этаётган бир қатор намунали оила вакилларига “Ибратли оила” кўкрак нишони топширилди. Улар сафида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзАнинг Сиёсат ва янгиликлар таҳририяти мухбири Нигора Раҳмонованинг ҳам оиласи борлиги эътиборга моликдир. Дарҳақиқат, тиниб-тинчимас, изланувчан, камчиликларини тан олиш ва тузатишдан чўчимайдиган, меҳнатсевар, камтар, камсуқум, меҳрибон Нигора Раҳмонова ибратли хонадоннинг бекаси, жажжи невараларнинг бувиси эканига баъзан ишониш қийин. Фарзандлари ва невараларини халқимизга, жамиятга нафи тегадиган инсонлар этиб тарбиялаётган бу оила ҳар жиҳатдан ибратга лойиқ. Бугун юртимизда шундай оилалар сафи тобора ортаётгани диққатга сазовордир.
Тантанали тадбирда мамлакатимизда оилаларни мустаҳкамлаш борасидаги эзгу ташаббуслар хусусида батафсил сўз юритилди. “Ибратли оила” кўкрак нишони ўз соҳибларига топширилди.
Тадбирнинг мусиқали-бадиий қисми Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерациясининг Маданият саройида давом этди.
Тантанали тадбирда Ўзбекистон Рнспубликаси Бош вазирининг ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова сўзга чиқди.
Назокат Усмонова,
Носиржон Ҳайдаров (сурат),
ЎзА