Шахсга доир маълумотлардан фойдаланишга йўл қўйган шахслар жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин

Давлатимиз раҳбарининг “Ахборот технологиялари ёрдамида содир этиладиган жиноятларга қарши курашиш фаолиятини янада кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида кибержиноятларнинг барвақт олдини олиш ҳамда уларни фош этиш самарадорлигини ошириш бўйича амалдаги қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш белгиланди.
Шу йўналишда қандай ишлар амалга оширилади? Бу саволга Ички ишлар вазирлиги Киберхавфсизлик маркази бошлиғи Беҳзод Мамажанов жавоб берди:
– Кибержиноятларга қарши курашиш йўналишида ягона ишлаш амалиётини йўлга қўйишни назарда тутувчи алоҳида қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади. Юридик шахслар томонидан киберхавфсизлик талабларига риоя этмаганлик учун, шунингдек, ахборот технологиялари соҳасидаги барча жиноятлар юзасидан жавобгарликни кучайтириш бўйича қонунчиликка ўзгартиришлар киритилади.

Банклар, тўлов тизими операторлари, тўлов ташкилотлари ва бошқа ташкилотларнинг ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлик талабларига риоя этмаганлиги натижасида йўл қўйилган кибержиноят оқибатида келиб чиққан моддий зарарни улар ҳисобидан ундириш тартибини жорий этиш белгиланди.
Шу билан бирга, бундан кейин кибержиноятни содир этишда ўз номидаги банк картасидан, банк ҳисоб рақами, электрон ҳамёнидан ва бошқа шахсга доир маълумотлар (SIM картаси, электрон аккаунти)дан фойдаланишга йўл қўйган шахслар учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик чоралари ўрнатилади.
Кибержиноятларнинг олдини олиш йўналишида ахборот тизимидаги заифликлар ва камчиликлар натижасида кибержиноят содир этилишига йўл қўйган банклар ва тўлов ташкилотлари рўйхати оммага эълон қилинади. Аҳоли пул маблағларини жалб қилишга қаратилган онлайн фирибгарлик схемалари – “молиявий пирамида”ларни барвақт аниқлаш амалиёти йўлга қўйилади.
Қарор билан шахсларнинг банк карталаридаги пулларини талон-торож қилинишини тўхтатиш мақсадида банклар, тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотларига замонавий антифрод ва антивирус ҳимоя тизимларини жорий этиш ҳамда фирибгарлар томонидан сохта рақамлар орқали фуқароларга қўнғироқ қилишларини техник чеклаш (имконсиз қилиш) каби чоралар белгиланди.
Жорий йилдан бошлаб ҳар йили бир ой давомида “Кибермаданиятни юксалтириш ойлиги” комплекс тарғибот ойлигини ўтказиш ҳамда ташвиқот ишлари соҳага оид барча давлат ва нодавлат ташкилотлари томонидан фаол тарзда олиб бориш орқали аҳолининг рақамли иммунитети ва огоҳлигини оширишнинг доимий тизими йўлга қўйилади.
Қарорга мувофиқ, кибержиноятларни фош этиш йўналишида Марказий банк, тўлов тизими ва ички ишлар органлари вакилларидан иборат тезкор ҳаракатланиш гуруҳи фаолияти йўлга қўйилади. Мазкур гуруҳ томонидан шубҳали пул ўтказма амалиётларига алоқадор банк карталарини тезкорлик билан аниқлаш ва блоклаш каби чоралар кўриб борилади.
Натижада кибержиноят орқали жиноятчилар томонидан ўзлаштирилган пулларнинг республика ҳудудидан чиқиб кетишининг олдини олиш ва жабрланувчига қайтариш имконияти таъминланади.
Қарор билан кибержиноятларни тергов қилиш ва фош этиш фаолиятининг сифати ва самарадорлигини ошириш мақсадида ушбу жараёнда қонунчилик ижроси устидан прокурорлик назорати ҳамда илмий тадқиқот фаолияти йўлга қўйилади.
Бундан ташқари, кибержиноятларга қарши курашиш йўналишида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда соҳадаги ходимларнинг малакасини ошириш бўйича чоралар белгиланди.
Мазкур қарорда кўрсатилган вазифаларнинг амалга оширилиши масъул давлат органлари, ташкилотлар, банклар, тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотларининг фуқароларнинг кибержиноятлардан жабрланиб қолишининг олдини олиш ҳамда уларнинг молиявий хавфсизлигини мустаҳкамлаш бўйича масъулияти ошишига хизмат қилади.
Норгул Абдураимова, ЎзА