Атоқли ёзувчи ва олимнинг маънавий дунёси

Кегейли туманида Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси, филология фанлари доктори, профессор Камол Мамбетов таваллудининг 85 йиллигига бағишланган хотира кечаси бўлиб ўтди. Кечада ёзувчининг фарзандлари, шогирдлари, замондошлари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Унда Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси К.Каримов, «Амударё» журнали бош муҳаррири Х.Давлетназаров, филология фанлари доктори, профессор Қ.Оразимбетов, Нуронийлар жамғармаси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими бошлиғи Т.Абдижаббаров ва бошқалар сўзга чиқиб, юбилейнинг республикамиз илм-фани ва адабиётини ривожлантиришга қўшган салмоқли ҳиссаси, ёзган илмий-ижодий ишларини ҳурмат билан тилга олди.
Айниқса, К.Мамбетовнинг илк даврдаги қорақалпоқ адабиётини илмий жиҳатдан ўрганиш, «Посқан ел» трилогиясини яратишдаги меҳнатлари халқимиз хотирасида абадий сақланиши таъкидланди.
Маълумот сифатида айтадиган бўлсак, Камал Мамбетов 1940 йил 14 майда Кегейли туманида туғилиб, ўзининг илмий ва ижодий фаолиятини «Совет Қорақалпоғистони» ҳозирги «Еркин Қорақалпоғистон» газетасида бошлаб, кейинчалик педагогика институти ва Қорақалпоқ давлат университетида аввал ўқитувчи, сўнгра кафедра мудири, декан ва ректор лавозимларида самарали меҳнат қилди.
– Камол Мамбетовнинг илмий мероси қорақалпоқ адабиётининг илк босқичларидан бошлаб, унинг шаклланиш манбалари, ўзбек ва қорақалпоқ адабий алоқалари, шунингдек, шарқ адабиёти билан боғлиқ муаммоларни қамраб олади, – дейди олимнинг шогирди, профессор Қ.Оразимбетов.- Унинг «Қадимги қорақалпоқ адабиёти,» «Навоий ва қорақалпоқ адабиёти,» «Шарқ адабиёти тарихи,» «Қорақалпоқ тўлғовлари» каби китоблари миллий адабиётшунослигимиз учун муҳим манба бўлиб хизмат қилмоқда. Шунингдек, у «Жўжа,» «Турналар,» «Виждон,» «Посқан ел,» «Туркистон» каби асарлари билан қорақалпоқ адабиётининг ривожига муносиб ҳисса қўшган.
1983-1984 ўқув йилида унинг ташаббуси билан университет тарихида биринчи марта журналистика мутахассислиги очилгани Қорақалпоғистонда соҳа мутахассисларини тайёрлашга катта замин яратди.
Дарҳақиқат, Камол Мамбетов – нафақат атоқли олим ва адиб, балки халқ ишончини қозонган жамоат арбоби сифатида ҳам тарихда ўчмас из қолдирди.
Унинг номи, илмий ва адабий мероси ёш авлодлар учун илҳом манбаига айланиши шубҳасиз. Кечада адибнинг бадиий асарлари асосида тайёрланган саҳна кўриниши йиғилганлар эътиборига ҳавола этилиб, ушбу тадбирга ўзгача завқ бағишлади.

Тадбир якунида Камол Мамбетовнинг фарзандлари номидан физика-математика фанлари номзоди, доцент Алишер Мамбетов, филология фанлари бўйича фалсафа доктори (Phd) Икрам Мамбетовлар кечани ташкил этгани учун ташкилотчиларга чуқур миннатдорлик билдирди.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси