Мурожаатлар ўз вақтида ҳал этилмоқда

Бугунги кунда Тўрткўл туманида фуқароларнинг муаммоларини жойида ҳал этиш, уларнинг мурожаат ва таклифларини бевосита эшитиш мақсадида туман ҳокими И.Худайбергеновнинг маҳаллалардаги сайёр қабуллари тизимли равишда ўтказилмоқда.
Хусусан, бугун «Нурота» маҳалла фуқаролар йиғинидаги маданият марказида навбатдаги сайёр қабул бўлиб ўтди. Унда «Отаюрт,» «Базирган,» «Калтаминор,» «Пахтачи» ва «Баҳор» маҳаллаларида яшовчи фуқаролар иштирок этиб, ўзларини қийнаб келаётган муаммо ва масалалар бўйича мурожаатлар билан чиқди, – деб маълум қилади туман ҳокимлиги Ахборот хизмати бўлими.
Ушбу тадбирда туман ҳокими билан бирга маҳалла еттилиги аъзолари, шунингдек, туман миқёсидаги тегишли ташкилот ва идоралар раҳбарлари ҳам иштирок этди. Қабул давомида жами 17 та мурожаат қабул қилинди. Мурожаатларда асосан уй-жой, ижтимоий инфратузилма, бандлик, йўлларни таъмирлаш, ичимлик суви таъминоти каби масалалар кўтарилди. Ҳар бир мурожаат маҳалла еттилиги иштирокида атрофлича кўриб чиқилди. Фуқароларнинг муаммоларини жойида ҳал этиш, уларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш мақсадида тегишли ташкилотлар раҳбарларига аниқ топшириқлар берилди. Ҳар бир масала бўйича бажарилиши лозим бўлган вазифалар белгиланди, бажарилиши учун муддатлар қўйилди ва назоратга олинди.


Бундай сайёр қабуллар фуқароларнинг давлат ҳокимияти органларига бўлган ишончини мустаҳкамлаш, уларнинг мурожаатларини тезкор ва шаффоф тарзда кўриб чиқиш имконини яратмоқда.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги