Демократик жамиятда сайловчилар ўз вакиллари билан учрашиш, фаолиятини кузатиш ва баҳолаш ҳуқуқига эга бўлиб, бу жараён нафақат депутатнинг масъулиятини оширади, балки сайловчилар билан очиқ ва самарали мулоқотни таъминлаб, билдирилган ишончни тўла оқлаш йўлида фаолиятини таҳлил қилиш имконини беради.

Қўнғирот тумани «Қипчоқ» ва «Ажиниёз» ОФЙ ҳудудидаги ЎзЛиДеП  фаоли, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг депутати Баҳодиржон Сидиқовнинг сайловчилар билан учрашуви ҳам юқоридаги масалалар бўйича муҳим бўлди.

Депутат сайланган 51-Қоратол сайлов округи жойлашган ҳудуддаги маҳалла фуқаролар йиғинлари масъуллари ва сайловчилар, шунингдек, давлат ва нодавлат ташкилотлари вакиллари, жамоатчилик фаоллари, нуронийлар иштирок этган тадбирда депутат Б. Сидиқов қонунчиликдаги ислоҳотлар, қабул қилинаётган янги қонунларнинг мазмун-моҳияти, шунингдек, «Ўзбекистон-2030» стратегияси доирасида юртимизда олиб борилаётган амалий чора-тадбирлар бўйича маълумотлар бериб, маҳалла аҳлини қийнаётган муаммоларни тинглади.


Кўп йиллардан буён эътибордан четда қолиб келаётган ички кўчаларга асфальт ётқизиш, эскирган симёғочларни янгисига алмаштириш, трансформатор ўрнатиш, томорқаларни суғориш ва эскирган сув қувурларини янгисига алмаштириш масалалари, шунингдек, «Қипчоқ» маҳалласидаги 24-сонли мактабга замонавий спорт зали ва ошхона қуриб бериш бўйича мурожаатлар ечими ўрганилди.

Шу билан бирга, ҳудуддаги маҳаллаларнинг кўчалари, йўлаклари ва улардаги ёритиш тизимларида аниқланган камчиликлар бўйича сайловчиларнинг депутатимизга қилган мурожаатлари тегишли тартибда ташкил этилган амалий чоралар натижасида изчиллик билан бартараф этиладиган бўлди.

Учрашув давомида аҳолининг муаммолари ва мурожаатлари бўйича мутасадди ташкилотларга топшириқлар берилиб, амалий ёрдамлар кўрсатилди.

Тадбирда сўзга чиққан ҳудуддаги МФЙ раислари ва сайловчилар депутат Б. Сидиқовнинг фаолиятини ижобий баҳолаб, унинг ўтган даврдаги фаолиятига оид қатор ижобий мисолларни қайд этди.

 

Депутатнинг сайловчилар билан бўлган учрашуви, унинг ҳудуддаги кўплаб масалаларда сайловчилар ишончини оқлаши, халқни рози қилишга қаратилган амалий ишлари билан аҳамиятли бўлди.

                                                                    Қорақалпоғистон ахборот агентлиги