Қувайтда ўтган Осиё Олимпия Кенгашининг (ООК) 45-Бош ассамблея йиғилишида 45 та мамлакат Миллий олимпия қўмиталари вакиллари қаторида Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов ҳам иштирок этди.
Йиғилишда ООК бош директори Ҳусайн ал Мусалламнинг Бош ассамблеянинг 2026 йилги йиғилишини Тошкент шаҳрида ўтказиш бўйича таклифи бир овоздан қўллаб-қувватланди. Бу юртимизда Олимпия ҳаракатига бўлган юқори эътибор ва халқаро майдондаги нуфузини яна бир бор тасдиқлади.

45-Бош ассамблея доирасидаги тадбирлар давомида Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов халқаро спорт ташкилотлари вакиллари билан бир қатор учрашувларни ўтказди.
Халқаро Олимпия қўмитаси Атлетлар комиссияси раиси ва яқинда ХОҚ президенти лавозимига сайланган Кирсти Ковентри билан мулоқот чоғида Ўзбекистонда олимпия ҳаракати изчил олиб борилаётгани эътироф этилди.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йили пойтахтимиз Тошкентда Осиё Олимпия Кенгаши Ижроия қўмитаси йиғилиши зўр муваффақият билан ташкил этилганди.
Т.Рўзиев, ЎзА