Барча эътибор маҳсулотларнинг сифатли ва мўл бўлишига қаратилмоқда

298

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси хизмати томонидан амалга оширилаётган ишлар биринчи навбатда хорижий давлатлар бозорларига мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилувчи тадбиркорлар ва ташкилотлар фаолияти самарадорлигига ижобий таъсир кўрсатади. Шунингдек, иссиқхоналарда фитосанитар дала назоратини ўтказиш, ердан фойдаланувчилар ва тадбиркорларга қулайликлар яратиш ҳамда ташқи бозорларга рақобатбардош маҳсулотлар етказиб бериш ҳажмини ошириш мақсадида семинарлар ўтказиш, тарғибот, тушунтириш ишларини олиб бориш, ғалла майдонларида бегона ўт, ҳашарот, замбуруғ ва бошқа касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш, шу билан бирга, янги захиралар ҳисобидан, яъни фермер хўжаликларининг дала четлари ва канал ҳамда коллектор-дренаж қирғоқларидаги майдонларда экспортбоп маҳсулотлар етиштиришга амалий ёрдам кўрсатиш борасида ҳам қатор ишларни ташкил этмоқда.

Биз Қорақалпоғистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги бошлиғи Ринат Шербаев билан суҳбатлашиб, соҳада амалга оширилаётган ишлар ҳақида қизиқтирган саволларимизга жавоб олдик.

– Ринат Таўекелович, дастлаб агентликнинг 2025 йилнинг биринчи чорагида амалга оширилган асосий ишлар ва эришилган натижаларга тўхталиб ўтсангиз.

– Деҳқонларимизнинг далаларда ишлаган меҳнати самарали бўлиши, яъни, маҳсулотлари экспортбоп бўлишига эришиш учун барча имкониятлардан фойдаланишга ҳаракат қиляпмиз.

2025 йилнинг биринчи чорагида қарийб 27,0 тонна мева-сабзавот ва озиқ-овқат саноати, шу жумладан, доривор ўсимликлардан тайёрланган маҳсулотларнинг экспорт прогноз кўрсаткичларига эришиш учун экспорт қилувчи корхоналарга яқиндан кўмак берилди.

Очилган хорижий бозорлар ва маҳсулотлар экспорти учун ўрнатилган талаблар 55 нафар фермер ва деҳқон хўжаликларига ҳамда йирик экспорт қилувчи корхоналарга, қайта ишлаш корхоналари раҳбарларига ўргатилиб, маҳсулотларнинг даладан хорижий истеъмолчига етиб боришигача бўлган барча жараёнлар тушунтирилди.

Агентликнинг марказий аппаратида «Марказий экспорт штаби» фаолияти йўлга қўйилди. Хорижий давлатлардаги элчихоналар томонидан тақдим этилган маълумотларни ҳудудий экспорт штаблари орқали экспортчи корхоналарга етказиш тизими ҳам йўлга қўйилди.

Маҳсулотларнинг хориждаги нархлари, импорт қилувчи корхоналар, хориждаги йирик улгуржи савдо марказлари, йирик савдо агентлари, маҳсулот ишлаб чиқарувчи бренд компаниялари, логистика компаниялари, маҳсулотларни танлаш, қадоқлаш, қайта ишлаш йўналишида юқори малакали технологлар тўғрисидаги таҳлилий маълумотлар экспортчи корхоналарга етказиб борилмоқда.

Шунингдек, экспорт қилувчи корхоналарга республикамиз омборларида сақланаётган маҳсулотлар, ички ва ташқи бозорлардаги ўртача нархлар, 20 кун олдинги ҳудудларда маҳсулотларнинг пишиши бўйича маълумотлар, экспорт қилувчи корхоналарнинг тижорат таклифлари, маҳсулотларнинг фото ва видеолари тақдим этилмоқда.

– Хорижий давлатлар бозорларига мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилувчи тадбиркор ва ташкилотлар кўпайяптими?

– Уларнинг сони бугунги кунга келиб 54 тага етказилди. Шундан 32 таси ташқи бозорларга мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилувчи янги қўшилган тадбиркорлар ва ташкилотлардир.

Биринчи чоракда бир марта «Долзарб 40 кунлик» тадбирлари эълон қилиниб, 83 гектарлик иссиқхоналарда фитосанитар дала назорати ўтказилди.

Ердан фойдаланувчилар ва тадбиркорларга қулайликлар яратиш ҳамда ташқи бозорларга рақобатбардош маҳсулотлар етказиб бериш ҳажмини ошириш мақсадида 15 та семинар ўтказилди. «Агрокўмакчи» мобил иловасидаги 50 турдаги экинлар бўйича қисқа шаклли ўсимликларни уйғунлашган ҳолда ҳимоя қилиш дастури 120 та жойда фойдаланувчиларга ўргатилди.

Жорий йилнинг биринчи чорагида ғалла майдонларида ёввойи ўт, қурт-қумурсқа ва шира ҳашаротларига, «занг» ва бошқа касалликларга қарши уюшган ҳолда курашиш тизимини қўллаш ўрганилиб, зарарли организмларга қарши кимёвий усулда курашиш 43 гектар майдонда амалга оширилди.

Янги захиралар ҳисобидан, яъни фермер хўжаликларининг дала четлари ва канал ҳамда коллектор-дренаж қирғоқларидаги майдонларда экспортбоп маҳсулотлар етиштиришга амалий ёрдам кўрсатиш учун 172 нафар карантин ходимлари бириктириб қўйилди.

– Ҳозирги вақтда ғалла ва ғўза майдонларини турли касаллик ва зараркунандалардан ҳимоя қилиш учун агротехник тадбирлар амалга ошириладиган муҳим давр ҳисобланади. Бу борадаги ишлар қандай ташкил этилмоқда?

– 2025 йил учун белгиланган 80,0 минг гектарлик пахта майдонида кўсак қуртига қарши 1200 дона феромон тутқичларини ўрнатиш учун захира шакллантириш режалаштирилмоқда.

Хусусий сектор томонидан очилган 64 та биолаборатория ва 41 та ўсимликлар клиникаларига (1 та янги) яқиндан амалий ёрдам кўрсатилиб, фаолияти мувофиқлаштирилмоқда. Биологик усул билан курашиш учун 59 миллион дона олтинкўз, 58,0 килограмм трихограмма, 47,0 миллион дона бракон маҳсулоти етиштириш режалаштирилган.

Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан пахта-ғалла экин майдонларида биологик кураш тадбирларига 1,8 млрд. сўм маблағ ажратилди.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи 207 та корхона ва хўжаликлар билан тузилган шартномага асосан, жами 97700,0 гектар майдон учун агрокимёвий хариталар ишлаб чиқилди. Илмий асосланган ҳолда тупроқнинг эҳтиёжига асосан, минерал ўғитларни қўллаш тизими яратилди.

1006 та шахсий томорқа эгаларининг жами 40,2 гектар экин майдони агрокимёвий таҳлилдан ўтказилди.

– Экспортга чиқариладиган маҳсулотларни тегишли текширувлардан ўтказиш, яроқлилик бўйича ҳужжатларни тайёрлаш, реализация қилиш ишлари қандай амалга оширилмоқда?

– Уч ойда қишлоқ хўжалигига минерал ўғит етказиб берувчиларнинг мурожаатлари ва тузилган шартномаларига асосан 66 та намуна давлат стандартларига мувофиқлиги бўйича агрокимёвий таҳлилдан ўтказилди.

Фумигация бўлими томонидан ҳам бир қатор ишлар амалга оширилиб, улар томонидан 32901 м.куб. (шундан, транспорт воситаларида – 7670,00 метр куб, омборхоналарда – 24690,00 метр куб, ҳар хил маҳсулотлар (ёғоч, озиқ-овқат ва бошқалар) – 541,00 метр куб) ва 151 дона зарарсизлантириш (фумигация) далолатномалари расмийлаштириб берилди.

211 та халқаро фитосанитария сертификати, 870 та ички фитосанитария сертификати, 1364 та транспорт бирлигини очиш ва карантин текшириш далолатномаси, 8211 та экспорт ва импорт учун зарарсизлантириш далолатномаси расмийлаштирилди.

Натижада, ўсимликлар карантини назорати остидаги маҳсулотларнинг экспорти 26797 тонна, импорти 1386,58 тонна, 3286 дона, 9362,05 м.куб.ни ташкил этди.

Шунингдек, 115 гектар майдонда зарарли чигиртка ўчоқларига қарши кимёвий ишлов бериш ишлари белгилаб қўйилди.

Қишлоқ хўжалиги экин майдонларидаги, аҳоли пунктларидаги ободонлаштириш, яшил зоналардаги дарахт, бута ва гуллар экилган майдонларнинг 47,76 минг гектарида фитосанитар мониторинг ўтказилди.

2025 йилнинг биринчи чорагида маҳаллий қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан йил давомида фитосанитария лабораториясига карантин остидаги маҳсулотлардан жами 1950 та намуна энтомологик, фитопатологик, гербологик экспертизадан ўтказилиб, шундан 1 та карантин объект ва 1 та зарарли организм аниқланди.

Жорий йилда фермер хўжаликларига тегишли дала четлари ва коллектор-дренаж атрофидаги жами 1004 гектар майдонда мевали кўчатлар ва 688,5 гектар майдонда бир йиллик экинлар экилиши таъминланди.

Жумладан, фермерлар майдони атрофида 905 гектарда мевали кўчатлар ва дала четидаги 625 гектар майдонда бир йиллик қишлоқ хўжалиги экинлари экилди, канал-коллектор бўйидаги 99 гектар ер майдонларида 108 минг дона мевали кўчатлар экилиши таъминланди.

– Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги томонидан зарарли чигирткага қарши «долзарб» 20 кунлик эълон қилиниб, натижалари қандай бўлмоқда?

– Бу йил мутахассислар кузатувига кўра, чигирткалар сони ўтган йилга нисбатан кўплиги кузатилган. Шу боис «ўчоқлар» аниқланган ҳудудларга кучларни сафарбар этиш, зарур техника билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Чигиртка тарқалган майдонларда «чодирлар» ташкил этилиб, кун давомида 3 марта тезкор маълумот бериб бориш йўлга қўйилган.

Зарарли чигирткага қарши курашиш мавсумини беталафот ўтказиш учун моддий-техник база яратилган бўлиб, ёқилғи ва кимёвий воситалар захираси жамланган. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикасида кимёвий ишлов бериш режалаштирилаётган майдон 112 000 гектар бўлиб, 11 отряд ташкил этилган. Қарши курашга жалб этиладиган техникаларнинг жами сони 115 дона.

Ҳудудларда ташкил этилган тезкор штаблар «долзарб» 20 кунлик доирасида 24/7 режимида иш олиб боради. Сифатли кузатув олиб бориш учун ҳудудлараро мониторинг кучайтирилади. Шунингдек, қўшни давлатлар билан чегарадош ҳудудларда кунлик маълумот алмашинувини йўлга қўйиш белгиланди.

Қорақалпоғистон Республикасида зарарли чигирткаларнинг ривожланиши ва тарқалишига қулай 3 миллион гектардан ортиқ ер майдони бўлиб, ўтган йилги кузги кузатув натижаларига кўра 112 минг гектар ер майдонида зарарли чигирткалар томонидан тухум қўйилгани аниқланди.

Ўзбекистонда 200 турдаги чигирткаларни учратиш мумкин, уларнинг тўда ҳосил қилувчи 6-8 турига қарши ҳар йили кураш чоралари олиб борилади. Чунки бу ҳашаротлар қишлоқ хўжалиги экинлари, саксовулзорлар ва яйловларга зарар етказиш хавфи бор.

Шу ўринда фуқаролардан, ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган турли асоссиз маълумотларга ишонмаслигини, ишончли маълумотни агентликнинг расмий ижтимоий тармоқларидан олишини сўраб қолар эдик. Бу бўйича карантин агентлиги оммавий ахборот воситалари ва блогерлар билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини маълум қилади. Зарарли чигирткалар тарқалган ҳудуд ҳақида хабардор бўлсангиз 1288 ва 71 202 28 88 рақамларига мурожаат қилишингизни сўраймиз.

Эслатиб ўтамиз, кимёвий ишлов бериш тадбирларини амалга ошириш мутлақо бепул ҳисобланади.

Суҳбатлашган: Адилбай Жийемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги