Нукусда «Roadshoy» тақдимоти ўтказилди

286

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 19 апрелдаги «Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, кўчмас мулк объектлари оммавий савдоларга чиқарилиши белгиланган.

Ҳудудларда ушбу қарорнинг аҳамиятини тадбиркорларга ва кенг жамоатчиликка тушунтириш, уни тарғибот-ташвиқот ишларини жадаллаштириш мақсадида, Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан Нукус шаҳри Ёшлар марказида хусусийлаштирилиши белгиланган давлат активлари, шу жумладан, корхоналардаги давлат улушлари, бўш турган давлат мулки объектлари ва сотилиши белгиланган ер участкалари ҳақида навбатдаги «Roadshow» презентацияси ўтказилди.

Тадбирда 200 дан ортиқ тадбиркор ва инвесторлар, маҳаллий ҳокимликлар ҳамда Қорақалпоғистон Республикасидаги йирик корхоналар вакиллари иштирок этди.

Уни Давактив агентлигининг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармаси бошлиғи Махсуд Раджапов бошқариб борди.

Тадбирда Давактив агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Нодир Хусанов сўзга чиқиб, сўнгги йилларда мамлакатимизда хусусийлаштириш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш, тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш бўйича йирик ислоҳотлар амалга оширилиб, тадбиркорлар учун бир қатор янгиликлар ва қулайликлар яратилганини таъкидлади.

Шунингдек, тақдимотда Давактив агентлигининг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармаси бошлиғи ўринбосари Қурал Қарлибаев, E-auksion акциядорлик тижорат жамиятининг Қорақалпоғистон Республикасидаги вакили Руслан Есимбетовлар сўнгги йилларда республикамизда бу борада қилинган ишлар ва келгусида қилиниши лозим бўлган вазифалар ҳақида тадбир иштирокчиларига кенг тушунчалар берди. Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 апрелдаги 70-сонли Фармонининг халқимиз ҳаётидаги тутган ўрнига кенг тўхталиб ўтилди.

-Ушбу тадбирни ўтказишдан асосий мақсад, тадбиркорларга кенг имкониятлар яратилганлигини ҳамда улар билан ҳамкорлик қилиш, муаммоларини ўрганиш, шу билан бирга давлат активларининг савдога чиқарилиши ва уларнинг сотилиши бўйича маълумотларнинг ошкоралигини таъминлашдан иборат, – дейди Давактив агентлигининг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармаси бошлиғи ўринбосари Қурал Қарлибаев.

Кўтаринки руҳда ўтган тадбирда иштирокчилар томонидан бир қатор саволлар берилиб, уларга тегишли мутахассислардан жавоблар олинди. Шу билан бирга, маҳаллий тадбиркорларнинг бир қатор таклифлари қабул қилинди.





Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Бюджет, иқтисодий ислоҳотлар, инвестициялар, инновация ва туризм масалалари қўмитаси раиси Бердибек Сейтназаров иштирок этди.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.